Олтин нархи тарихда биринчи марта бир унция учун 4000 доллардан ошди. Қимматбаҳо металлга бўлган талабнинг ўсиши бир қатор омиллар таъсирида юз беряпти. Хусусан, жаҳон савдосида ноаниқликлар, АҚШ Федерал резерв тизими мустақиллиги атрофида хавотирлар ва Қўшма Штатларнинг фискал барқарорлигига доир шубҳалар кучайган. Олтин йил бошидан бери 50 фоиздан кўпроққа қимматлашди. Таҳлилчилар бу тенденция кейинги йилларда ҳам давом этишини прогноз қиляпти.
Олтин нархи тарихда илк бор бир унция учун 4 минг доллардан ошди. Нархларнинг кескин қимматлашиши АҚШ иқтисодиётидаги муаммолар ва ҳукуматнинг молиявий инқирозга яқинлашгани ҳақидаги хавотирлар фонида юз беряпти, дея ёзади Bloomberg.
Бундан икки йил аввал олтин 2 минг доллардан паст нархда сотиларди. Айни пайтда эса қимматбаҳо металлнинг даромадлилиги аср бошидан бери ҳисоблаганда акциялар даромадлилигидан ҳам ошиб кетди. Олтин нархи йил бошидан бери 50 фоиздан кўпроққа қимматлашди. Бунга жаҳон савдосидаги ноаниқликлар, АҚШ Федерал резерв тизими мустақиллиги атрофидаги хавотирлар ва мамлакатнинг фискал барқарорлигига доир шубҳалар сабаб бўляпти. Геосиёсий тангликларнинг кучайиши ҳам хавфсиз активларга талабни оширди, марказий банклар қимматбаҳо металлни юқори суръатларда харид қилишда давом этяпти.

Вашингтондагиларнинг ҳукумат маблағлари билан боғлиқ келишмовчиликлари фонида инвесторлар бозор зарбаларидан ҳимоя излай бошлади ва олтин раллиси янада кучайди. Федерал резервнинг пул-кредит сиёсатини юмшатиш даври бошланиши ҳам олтин учун ижобий омил бўлди. Фоизлар пастлаганда, облигациялар ва банк омонатлари каби активлардан олинадиган фойда камаяди. Шунда инвесторлар даромад келтирмайдиган, лекин ишончли актив – олтинни афзал кўра бошлайди. Шунингдек, фоиз ставкалари паст бўлса, долларнинг қиймати бошқа валюталарга нисбатан тушади. Олтин эса долларда баҳоланади, шунинг учун доллар арзонлашганда олтин хорижий инвесторлар учун янада жозибадор бўлади. Пул-кредит сиёсатини юмшатиш одатда иқтисодга кўпроқ пул киритади, бу эса инфляцияни кучайтириши мумкин. Олтин анъанавий тарзда инфляциядан ҳимоя воситаси сифатида кўрилади. Шу боис инвесторлар олтин нархига боғланган фонд акцияларига сармоя киритишни кучайтирган ва сентябр ойида сўнгги уч йилдаги энг катта инвестиция оқими кузатилди.

















