Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсунов 8 октябр куни суд ҳукми билан 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Суд мажлисида қатнашган Kun.uz мухбири унинг суддаги сўнгги нутқини қоғозга туширди.
«Ассалому алайкум, ушбу залда ҳозир бўлганлар.
Мен, Мубашшир Аҳмад 5 ой олдин бошланган тергов жараёни ва суд мажлисларида Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича айбланяпман.
Гарча адвокатларим диний қўмита рухсатисиз диний материал тарқатишга доир айбловларни бекор қилишни сўраган бўлса ҳам, мен шундай материаллар тарқатганимни тан оламан. Чунки мен бу пайтда Туркияда бўлганман: бунинг учун Ўзбекистондаги идорадан рухсат сўраш кераклигини билмаганман ва бунга жисмонан имконим ҳам бўлмаган.
Қолган иккита айбловлар (жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тарқатиш ва миллий адоват қўзғатиш) бўйича терговда ҳам айбим йўқлигини айтганман. Суд жараёнларида ҳам бу айбловлар ўз исботини топмаганини кўрдик. Ҳозир ҳам бу айбловларга қўшилмайман.
Энди айрим мулоҳазаларимни айтсам.
Динимизда ҳам, ҳаётимизда ҳам бирор ишни бажарганда ўша инсоннинг нияти ва қасди жуда муҳим ҳисобланади. Масалан, киши ўз оиласини боқиш учун пул топаман, деб ишга бориб келса ҳам савоб олади.
Худди шунингдек, инсонлар орасидаги муносабатларда ҳам ишлар ниятларга боғлиқдир. Мен ёзган барча ишларим, мақолаларимда ниятим холис бўлган, одамларга яхшилик улашиш эди.
Хусусан, айблов қўйилган материалда (Исроилнинг Ғазодаги геноцидига доир) ҳам одамларнинг, айниқса ёшларнинг кетиб қолиши олдини олиш, вазиятни тушунтириш мақсад қилинган эди.
Миллий адоват қўзғатиш ҳақидаги айбловларга ҳам қўшилмаслигимнинг сабаби бор. Чунки мен доим миллатлараро тотувликка чақирганман. Риё учун эмас, суд буни ҳисобга олиши учун бу борада қилган 2 та катта ишимни айтсам.
Биринчиси. Бир неча йил олдин Нукусда одамлар намойишларга чиқиб, «Қорақалпоқ воқеалари» деб номланган воқеалар бўлиб ўтди. Шунда Ўзбекистон Президенти администрациясининг илтимосига кўра, мурожаат билан














