2023 йил 7 октябрь куни Ҳамаснинг қуролли қаноти – Ал-Қассам бригадалари ва бошқа фаластинлик гуруҳлар Исроилнинг узоқ йиллик зулмларига жавобан жанубий Исроилга ҳужум уюштирди. Расмий Тел-Авивга кўра, ўша куни 1 минг 139 киши ҳалок бўлган, тахминан 240 киши эса гаровга олиниб, Ғазога олиб кетилган. Бунга жавобан, Исроил Ғазони бомбардимон қилишни бошлади ва 16 йил давом этган қамалдан кейин секторнинг блокадасини янада кучайтириб, уни тўлиқ блокадага олди.

Al-Jazeera таҳлилчилари бутун дунёнинг ларзага солган уруш жиноятининг қурбонлари ҳақида рақамларни жамлади.

Икки йил давом этган Исроил ҳужумлари камида 67 минг фаластинликни ўлдирган. Яна минглаб одамлар вайроналар остида қолган. Бу – ҳар 33 кишидан бири, яъни урушгача бўлган аҳолининг тахминан 3 фоизи ҳалок бўлганини англатади.

Фото: CNN

Ўлдирилганлар орасида камида 20 минг бола бор. Демак, охирги 24 ой ичида ҳар соатда битта бола ўлдирилган.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлим ҳолатларини касалхонага олиб келинган ёки расмий рўйхатга олинган одамлар асосида санайди. Ҳақиқий рақамлар эса номаълум, эҳтимол анча юқори бўлиши мумкин. Чунки расмий ҳисобда вайроналар остида қолган ёки бедарак йўқолганлар йўқ.

Омон қолганларнинг фожиаси

Ғазо секторида 169 мингдан ортиқ киши яраланган, кўпларининг тан жароҳатлари умрбоқий ногиронликка сабаб бўлган.

UNICEF ҳисоб-китобига кўра, Ғазода 3–4 минг бола бир ёки иккала оёқ-қўлини йўқотган. Ғазодаги оз сонли соғлиқни сақлаш муассасалари дори-дармон, жиҳоз ва наркоз танқислигидан оғир аҳволда ишламоқда.

Исроил шу муддат ичида Ғазодаги деярли барча шифохона ва тиббий марказларга ҳужум қилган. Сўнгги икки йил ичида камида 125 тиббиёт иншооти, жумладан 34 та шифохона зарарланган.

Исроил зарбалари ва бомбардимонлар оқибатида 1 722 нафар тиббиёт ва ҳуманитар ходим ҳалок бўлган.