Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мубашшир Аҳмад иши: прокурор 7 йил озодликдан маҳрум қилишни сўради
Тошкентда Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновга нисбатан кўрилаётган жиноят ишининг тўртинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суддан уни ЖК 3та моддаси бўйича айбдор, деб топишни ва «узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш»ни сўради.
18 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновга нисбатан кўрилаётган жиноят ишининг тўртинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Қарийб 3 соат давом этган очиқ суд мажлисига юзлаб фуқаролар ташриф буюрди. Бу ҳақда бевосита суд мажлисида қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Иш – судя Бобур Раҳимов раислигида, қораловчи – Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев, шунингдек, Абдуллоҳ Содиқ бошчилигидаги адвокатлар иштирокида кўриб чиқилмоқда.
Тўртинчи суд мажлисида Учтепа тумани прокурори ўринбосари Эркин Нарзуллаев суддан судланувчини Ўзбекистон Жиноят кодексининг 156-моддаси, 244-1-модда ва 244-3-моддаларида назарда тутилган ҳаракатларни содир қилишда айбдор, деб топишни сўради. Хусусан, прокурор Мубашшир Аҳмадга «ўзаро санкцияларни қўшиш йўли билан узил-кесил 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш» ва «БҲМнинг 150 баробари миқдорида жарима» қўллашни сўради.
Адвокатлар гуруҳи эса Алишер Турсуновдан 2 та модда: «Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатиш» ҳамда «Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» айбловларини олиб ташлашни сўради. Адвокатлар, шунингдек материалларни Дин ишлари бўйича қўмита рухсатисиз тарқатишга доир айбловни қисман тан олиб, бу ҳаракат ижтимоий хавфлилигини йўқотганини билдирди. Шу сабабли, уни ЖК 70-моддаси тартибда бекор қилишни, тергов органлари расмийлаштириб олган техника ва ашёларни қайтаришни сўради.
Ҳимоячилар жамоасининг учала аъзоси ҳам жараёнда қўйилган 3 модда бўйича айблов томони ва экспертлар билан келишмаётган масалалар ҳамда эътирозларини билдирди. Шунингдек, ҳукм чиқаришда Мубашшир Аҳмаднинг саломатлиги, халқ ва ёшлар илм олишидаги ўрни, оилада ягона боқувчи эканига эътибор қаратиш сўралди. Уламонинг ўзи ҳимоячиларининг сўзига тўлиқ қўшилди.
Судья 22 сентябрь куни айбланувчига сўнгги сўз берилиши ҳамда ҳукм чиқариш учун маслаҳатлашув хонасига киришини билдирди.
Маълумот учун, Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айблов қўйилган:
- ● 244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
- ● 244-1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
- ● 156-модда: Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш.
Биринчи суд мажлисида судя – прокурорнинг илтимосига асосан мажлисда аудио ва фото-видеоларни ёзиб олишни тақиқлаган. Лекин суд жараёни очиқ ўтади – унда ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин. Дастлабки учта суд мажлисларида айблов ўқиб эшиттирилиб, экспертлар ва диний уламонинг ўзи кўрсатма берганди.
Мавзуга оид
14:43 / 26.11.2025
“Ходимларим солиқчининг уйига киришдан аввал эшикни тақиллатишган” – собиқ ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев кўрсатмаси тингланди
14:58 / 19.11.2025
Фуқаролик ва иқтисодий низоларни кўриш тартиби соддалаштирилади
17:33 / 18.11.2025
Пойтахт ИИББнинг 8 нафар тезкор ходими фуқаронинг 233 минг доллар маблағини зўрлик ишлатиб тортиб олгани маълум бўлди
17:36 / 16.11.2025