Ўзбекистон | 16:18 / 11.10.2025
14770
2 дақиқада ўқилади

Нурободда ноқонуний ов билан шуғулланганлар аниқланди. Улар орасида ППХ ходими ҳам борлиги айтилмоқда

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ноқонуний ов билан шуғулланган шахслар фош этилди. Улар Қизил китобга киритилган қирғовул, тустовуқ ва бошқа қушларни рақамсиз автомобилда отиб юргани акс этган видеолавҳа Kun.uz таҳририятига келиб тушган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Паст Дарғом ва Нуробод туманларидаги экологик инспекторлар томонидан тезкор ўрганиш ишлари олиб борилган.

Текширув давомида Паст Дарғом тумани Туркман маҳалласида яшовчи фуқаролар З.К. ва Т.С. ов қуроли ёрдамида Нуробод тумани Кўктош қишлоғи яқинидаги дашт ҳудудларда ноқонуний ов қилгани маълум бўлган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 4-қисмига асосан уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, ов қуроли ва далилий ашёлар олиб қўйилган. Ҳозирда тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Kun.uz манбасига кўра, қушларни овлаган шахслардан бири ички ишлар органлари патрул-пост хизмати (ППХ) ходими бўлиб, ов қуроллари ҳам унинг номига расмийлаштирилган. Бироқ жарима бошқа шахсга расмийлаштирилгани, яъни ходим жавобгарликдан қочишга уринаётгани айтилмоқда.

Манбага кўра, жарима қўлланиш жараёнида ҳам табиатга етказилган зарар ҳисобга олинмаган. Видеотасвирларда ППХ ходими деб айтилган шахсни кўриш мумкин. Шу билан бирга, ноқонуний ов билан шуғулланганлар уларни тўхтатмоқчи бўлган фуқарога нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар содир этгани ҳам тасвирларда акс этган.

Эслатиб ўтамиз, Қизил китобга киритилган ҳайвонот ёки қуш турларини ноқонуний овлаш ҳолати табиатга катта зарар етказиш деб баҳоланади. Агар ов гуруҳ бўлиб ёки қурол воситасида содир этилган бўлса, зарар миқдори бир неча бараварга ошади.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид