Иқтисодиёт | 14:40 / 13.10.2025
2076
2 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШни янги божлар туфайли икки томонлама стандартларда айблади

Пекин Доналд Трампнинг Хитойга нисбатан 100 фоизлик божлар жорий этиш ҳақидаги баёнотига кескин муносабат билдирди. Дунёнинг икки йирик иқтисодиёти ўртасидаги савдо уруши яна авж олмоқда.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан янги йирик божлар эълон қилиниши ортидан Хитой Вашингтонни икки томонлама стандартларда айблади. «Трампнинг тарифлар ҳақидаги эълони икки томонлама стандартларнинг одатий намунасидир», дея маълум қилди Хитой Савдо вазирлиги 12 октябр, якшанба куни. «Юқори тарифларнинг доимий таҳдидлари Хитой билан муносабатларга тўғри ёндашув эмас», — дея қўшимча қилди вазирлик.

Жума куни Трамп Хитойнинг нодир металлар экспорти устидан назоратни кучайтиришига жавобан Хитойга нисбатан қўшимча 100 фоизлик тарифларни эълон қилди. Ушбу тарифлар 1 ноябрдан кечиктирмай кучга киради ва божхона чекловлари жорий қилинган товарларга нисбатан қўлланади. Президент, шунингдек, Хитойга «муҳим дастурий таъминот» экспортини чеклаш ниятида эканлигини маълум қилди ва Хитой раҳбари Си Жинпинг билан режалаштирилган учрашувни бекор этиш билан таҳдид қилди.

Айни пайтда Хитой товарларига АҚШнинг 30 фоизлик божлари қўйилади, бунга жавобан Хитой 10 фоизлик контрабожлар жорий қилади.

Нодир элементлар Пекин ва Вашингтон ўртасидаги савдо қарама-қаршилигида асосий муаммо бўлиб қолмоқда. Пайшанба куни Хитой Савдо вазирлиги ушбу материалларни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан боғлиқ технологиялар бўйича қатъий экспорт назоратини эълон қилди. Эндиликда компаниялар нодир тупроқ металларини ишлаб чиқаришда қўлланадиган асбоб-ускуналар ва технологияларни экспорт қилишдан олдин рухсат олиши керак. Хорижий фирмалар учун қўшимча чекловлар мавжуд.

Идора маълумотларига кўра, янги қоидалар ишлаб чиқариш линияларини «йиғиш, созлаш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва янгилаш» технологияларига ҳам тегишли. Пекин бу қарорни миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш учун зарур деб тушунтирди, чунки нодир ер элементлари ҳарбий мақсадларда ҳам қўлланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид