АҚШ президенти Доналд Трамп йилига 400 минг доллар маош олади. Бу Apple компанияси бош директори Тим Кукнинг маошидан 186 баробарга кам. Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ойлиги ва пенсиясини қўшгандаги даромади 411 минг 800 лира. Энг кўп маош оладиган давлат раҳбарлари рейтингида биринчи ўринни Сингапур бош вазири Лоуренс Вонг эгаллайди. Унинг йиллик даромади 1,69 млн доллар.
Президентлар нимадан тирикчилик қилади, деб ўйлайдиганлар орамизда топилса керак. Улар ҳам эл қатори маош олади. Давлат раҳбарларининг даромади қонун ёки махсус қарорлар билан белгиланади ва мамлакатга қараб фарқланади. Маошдан ташқари, президентлар кўпинча давлат томонидан молиялаштириладиган имтиёзларга ҳам эга бўлади. Хусусан, яшаш жойи, транспорт, хавфсизлик ва тиббий хизматлардан ҳам текин фойдаланишади. Kun.uz очиқ манбалар асосида бир қатор мамлакат раҳбарларининг даромади ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтади.
Трамп қанча маош олади?
АҚШ президенти Доналд Трамп йилига 400 минг доллар ишлаб топади, бу амалдаги президентлар учун одатий кўрсаткич. Умумий маошга 50 минг долларлик «харажат нафақаси», 100 минг долларлик саёҳат ва 19 минг долларлик дам олиш харажатлари кирмайди. Президентларнинг маоши АҚШ тарихида бор-йўғи беш марта оширилган. Энг сўнггиси Билл Клинтон даврида содир бўлган ва Жорж Буш давридан амалиётга татбиқ қилинган. Ўша вақтдан бери Америка президентлари стандарт – йиллик 400 минг доллардан маош олишади ва уларнинг ойликлари инфляцияга индексация қилинмайди. Таққослаш учун, Apple компанияси бош директори Тим Кукнинг 2024 йилдаги маоши Трампникидан 186 баробарга кўпроқ – 74,6 млн доллар.
Канада бош вазири Марк Карнининг йиллик даромади қарийб 289 минг долларни ташкил этади













