Таълим | 10:51 / 24.10.2025
3165
2 дақиқада ўқилади

Тюторларга қўйиладиган талаблар белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Олий таълим ташкилотларида тюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мақсад – талаба-ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг шахсий ва касбий шаклланишида бевосита кўмаклашиш, талабалар билан индивидуал ишлаш механизмларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Тюторларнинг асосий вазифалари:

  • талабаларнинг таълим жараёнига мослашишига кўмаклашиш, ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларнинг шахсий ва касбий қизиқишларини ривожлантиришга қаратилган индивидуал ва гуруҳ маслаҳатларини ўтказиш, талабаларни ички тартиб-қоидалар, ахлоқ кодекси ва бошқа маҳаллий ҳужжатлар билан таништириш;
  • талабаларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ҳаётга ишонч ва қатъиятлилик руҳида тарбиялаш;
  • талабаларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган талабалар, етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш;
  • талабаларнинг яшаш шароитларини (талабалар турар жойларида, ижара, аренда ва хусусий квартираларда) ва талабаларнинг ижтимоий (оилавий) аҳволини мунтазам назорат қилиш, талабаларнинг ота-оналари билан доимий алоқада бўлиш.

Тюторлик меҳнат фаолиятининг асосий тури бўлиб, уни амалга ошириш учун қуйидагилар талаб этилади:

  • олий маълумотга (бакалавр даражасига) эга бўлиш (илмий даража ва илмий унвонларга эга бўлган шахсларга устунлик берилади);
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқитувчилик фаолияти ҳуқуқидан маҳрум этилмаслиги;
  • маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар методикаси ва амалиётини чуқур билиш, педагогик ва психологик билим ва тажрибага эга бўлиш;
  • намунали шахсий фазилатларга, жумладан, маданият, масъулият, фаоллик, ватанпарварлик ва ташаббускорликка эга бўлиш;
  • мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларига эга бўлиш.

Уларга бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 1-3 курс талабаларидан 120-150 нафари бириктирилади. Шунингдек, тюторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими (KPI) ишлаб чиқилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид