Жамият | 09:58 / 05.11.2025
5576
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида солиқчи, Навоийда спорт мактаби директори ва ҳисобчиси пора билан ушланди

Тошкент вилояти солиқ бошқармаси катта инспектори бир йил давомида солиқ органлари томонидан текширув ўтказмаслик эвазига фермер хўжалик раҳбаридан 5 минг доллар талаб қилган. Навоий вилоятида эса болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори ҳамда бош ҳисобчиси мураббийга ажратилиши лозим бўлган хизмат сафари пулидан “улуш” олмоқчи бўлишган. 

Фото: Видеодан кадр

Тошкент ва Навоий вилоятларида коррупция ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Солиқ бошқармасининг сайёр солиқ текширувлари бўлими катта инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда “даромад” кўрмоқчи бўлган. У Ангрен шаҳрида фаолият юритувчи, боғдорчилик ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликда ўтказилаётган сайёр солиқ текширувини ижобий ҳал қилиб, бир йил давомида солиқ органлари томонидан текширув ўтказмаслик эвазига хўжалик раҳбаридан 5 минг доллар миқдорида пора талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда Оҳангарон туманида тезкор тадбир ўтказилган. Унда солиқ инспектори ушбу пул маблағини тамагирлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Навоий вилоятидаги туманлардан биридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори ҳамда бош ҳисобчиси эса ўзаро тил бириктириб, мактаб мураббийига ажратилиши лозим бўлган хизмат сафари пулидан “улуш” олмоқчи бўлишган.

Хусусан, улар жорий йилнинг март ва май ойларида пара енгил атлетика спорт тури бўйича мураббий 8 нафар спортчи билан Тошкент вилоятида ўтказилган мусобақада иштирок этгани бўйича тўланиши керак бўлган жами 40 млн 722 минг сўм миқдоридаги хизмат сафари пулларини тўлаб бериш эвазига ушбу суммадан 40 фоизини, яъни 16 млн сўмдан ортиқроқ қисмини беришини талаб қилишган. Сўнгра бош ҳисобчи мураббийнинг банк пластик картасига хизмат сафари пули ҳисобидан 10 млн сўм ўтказиб бериб, шундан 3 млн сўмини пора сифатида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Андижонда туман ҳокими ўринбосари 15 минг доллар пора билан ушланганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид