Ўзбекистон | 07:25 / 07.11.2025
9463
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Оқ уйда Доналд Трамп билан учрашув ўтказди

6 ноябр куни Вашингтонга амалий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Оқ уйда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашув ўтказди. Томонлар стратегик шерикликни ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув аввалида президент Шавкат Мирзиёев Оқ уйнинг фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди. Шундан сўнг Овал хонада бўлиб ўтган музокараларда икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишлари, жумладан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди. Жорий йил сентябр ойида Ню-Йорк шаҳрида олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашинар экан, томонлар “С5+1” форматида Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканини тасдиқлади.

Давлат раҳбари Доналд Трампни ички ва ташқи сиёсатдаги ютуқлари билан табриклаб, халқаро ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган шахсий саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этди. АҚШ президенти эса Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонда АҚШ ҳукумати вакиллари, йирик компаниялар ҳамда молиявий институтлар раҳбарлари билан самарали учрашувларини олқишлади.

Етакчилар қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун институционал механизмларни яратиш ва такомиллаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Учрашув якунларида президент Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишига таклиф этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид