Қува туманида ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосари устидан кўрилаётган ишда жабрланувчи Гулираъно Қосимова суд залидан чиқариб юборилди. Аввалроқ ОАВ вакиллари, хусусан, Kun.uz сайти мухбирининг ҳам иштироки чекланган эди. Г.Қосимова ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат йўллаб, ёпиқ кўрилаётган ишда вилоят Ички ишлар бошқармаси юристлари гувоҳларга таъсир ўтказаётгани, судланаётган ва гувоҳликка чақирилган ходимларни ҳимоя қилишга уринаётгани, раислик қилувчи Авазбек Раҳимовнинг адолатсизлик қилаётгани ҳақида гапирди.  

7 ноябр куни Фурқат тумани ИИБ мансабдорлари устидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтган ва унда жабрланувчи Гулираъно Қосимова суд залидан чиқариб юборилган.

Суднинг нохолис ва адолатсиз ўтаётганидан норози бўлган Гулираъно Қосимова Sirojiddin media саҳифаси орқали видеомурожаат йўллади. У Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевадан ишнинг холис ўтказилишини таъминлашда ёрдам сўраган. Kun.uz ушбу суҳбатни келтиради:

“Мен Қосимова Гулираъно Баҳодиржон қизиман. Фарғона вилояти Фурқат туманидаги 29-мактабда директор бўлиб ишлайман. Мен билан боғлиқ воқеалардан жуда кўпчилик интернет тармоқлари орқали хабардор. Мен ёрдамни администрация раҳбари Саида Шавкатовнадан, кейин Олий суд раҳбаридан сўрайман. Илтимос, менга ёрдам беринглар. Чунки ҳолат ачинарли тус оляпти. Мен суд жараёнларидан мутлақо норозиман. Чунки суднинг ичидаги ҳолат, ўша ердаги камера ёзувлари кўрилса, нимадан норозилигимни тушуниб етасизлар. Сабаби мен ҳозир гапира олмайман, чунки менинг гапиришимга ҳам тақиқ қўйилган.

— Ўша суд жараёнларини сизга айтишга, гапиришга тақиқ қўйилган-а?

— Ҳозирда биласизми, оммавий ахборот воситалари четлатилди суддан. Ёпиқ. “Нима учун, нимага ёпяпсизлар?” деб ҳар гал мен эътироз қилганимда, тезкор ходимларнинг бўлаётган судида уларнинг айтадиган гапи махфий ҳисобланади, шунинг учун суд ёпиқ бўлади, дейишди. Лекин бирор марта у ҳақида гап-сўз бўлгани йўқ судда. Бир қарор ё бир нима ҳақида гапирилгани йўқ судда. Ишонасизми, шу тадбирда қатнашган раҳбаридан тортиб 10 та ходим, 11 киши жами ички ишлар ходими, ҳаммаси телефонини ё сотиб юборган, ё йўқотиб қўйган, ё жиянига берган.

Ичкарида ўша Ички ишлар бошқармасининг иккита юристи, мен ўша очиқ ҳолатдаги суд ҳақида гапиряпман, ойдинлик киритиб кетай. Чунки эртага ҳали бу мурожаатим ҳам менга муаммо бўлиши мумкин. Мен ҳозир судда жабрланувчи эмас, худди судланувчига ўхшайман. У ердаги жараёнлар ҳақида на гапира оламан, на бирор кимга айтоламан унинг ичини.