Жаҳон | 08:23 / 10.11.2025
3405
4 дақиқада ўқилади

Зеленский: Европа Киевга Patriot ЗРКни вақтинча бериб туриши мумкин

Украина АҚШдаги ишлаб чиқарувчилардан 27 та Patriot комплексига буюртма беришни режалаштирмоқда. Унгача Европадаги давлатлар ўзларида мавжуд Patriot тизимларини Киевга вақтинча бериб туриши мумкин, дея маълум қилди Украина президенти Володимир Зеленский The Guardian нашрига берган интервюсида.

Фото: Julia Kochetova/The Guardian

Зеленскийнинг айтишича, у мамлакатини РФнинг тунги дронлар ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳамкорлар билан ишлаяпти. Аммо ҳозирча Буюк Британия ва бошқа иттифоқчилар Киевнинг узоқ вақтдан бери киритаётган сўровига қарамай, мамлакатнинг марказий ва ғарбий қисми устида ҳаво патрули учун ўз ҳарбий самолётларини юборишдан бош тортяпти.

ЕИ ва Буюк Британия ёрдами етарлими, деган саволга Зеленский шундай жавоб берди: «У ҳеч қачон етарли эмас. Етарли қачон бўлади — уруш тугаганда. Ва етарли қачон бўлади — Путин тўхташга мажбур бўлганини тушунганда». Шу билан бирга, у Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан илиқ муносабатларини таъкидлаб, Киевга ёрдам етишмаслигида вазият шахсан Стармерга боғлиқ эмаслигини қайд этди.

The Guardian эслатишича, АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатининг ҳарбий иштирокини истисно қилгач, Франция ва Буюк Британия эҳтимолий тинчлик келишуви доирасида ўз ҳарбийларини Украинага юборишга ваъда берган. «Буюк Британия ҳарбийлари олдинроқ келиб, масалан, Украина–Беларус чегарасида мудофаа позициялари эгаллашини истармидингиз?» деган саволга Зеленский: «Албатта. Биз кўп нарсаларни сўраганмиз, шу жумладан қурол-яроғ ва ЕИ ҳамда НАТОга аъзо бўлишни», — деб жавоб берди.

Шу билан бирга, у Европа давлатларининг Украинада қуроллар масаласига, жанглар давом этаётган бир пайтда, эҳтиёткорлик билан ёндашаётганини айтди. «Лидерлар ўз жамиятларидан қўрқади. Улар урушга чалғишни хоҳламайди», — деди Зеленский. Унга кўра, қўшин жойлаштириш ҳақидаги қарорни айни давлатларнинг ўзи қабул қилиши лозим.

У ҳаддан ташқари босим ўтказса, Киев «ҳамкорларининг молиявий ва ҳарбий ёрдамини йўқотиш хавфига дуч келиши» мумкинлигини ҳам қайд этди.

Интервюнинг кейинги қисмида Зеленский Украинадаги уруш тугамасидан олдин ҳам Россия Европанинг бошқа бир мамлакатига қарши «иккинчи фронт» очиши мумкинлигини билдирди. Полша устида, шунингдек, Брюссел, Копенҳаген ва Мюнхен аэропортлари яқинида пайдо бўлган ноаниқ дронларни у фронтда сезиларли илгарилай олмаётган Россиянинг бошқа ҳудудларни «қидириши» мумкинлиги билан боғлади.

8 ноябр куни Украинадаги йирик электр энергетика корхоналаридан бири — “Центрэнерго” Facebook’да Россиянинг тунги ҳаво зарбасидан сўнг барча ИЭС ишдан тўхтаганини маълум қилди. 9 ноябрда мамлакатнинг қатор ҳудудларида вақтинча электр узилишлари кузатилди.

The Guardian ёзишича, Зеленский билан Мариинский саройидаги суҳбат пайтида чироқ икки марта ўчган, электр таъминоти захира генераторлари ҳисобидан тикланиб турган. «Бизда ҳаёт шундай. Бу одатий. Киевда ҳам, бошқа жойларда ҳам электрда узилишлар бўлиб туради», — деган Зеленский.

2 ноябр куни Зеленский Германияга ва шахсан ГФР канцлери Фридрих Мерцга АҚШ ишлаб чиқарадиган Patriot ЗРКни етказиб бергани учун миннатдорлик билдирди. У нечта тизим, қайси конфигурацияда ва қайси ҳисобдан берилганини очиқламади. Бир кун аввал X’даги German Aid to Ukraine номли саҳифа Киевга Бундесвер захираларидан Дания, Литва ва Норвегия маблағлари ҳисобидан иккита MIM-104 Patriot тизими берилганини хабар қилган эди.

DW Германия Мудофаа вазирлигидан бу маълумотга изоҳ сўради. Вазирлик 2025 йил июл ўртасида мудофаа вазири Борис Писториус Пентагонга ташрифидан кейин «Германия Украинага яна иккита Patriot тизими тақдим этишга келишиб олганини» эслатди. «Ҳарбий хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга ошган етказиб беришлар ҳақида қўшимча тафсилотларни ошкор этмаймиз. Бу борадаги маълумотни фақат Украина томони бериши мумкин», — дея қўшимча қилди вазирлик.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид