Аёл турмуш ўртоғининг ўғирланишидан 8 йил ўтиб, ҳукумат ва полиция устидан ғалаба қозонди. Энди давлат унга камида 7,4 миллион доллар тўлаб бериши лозим. Йўқолган турмуш ўртоғи ҳам қайта қидирилади.
Раймонд Коҳ 2017 йилда пойтахт Куала-Лумпур чеккасида ниқобли одамлар томонидан ўз машинасидан туширилиб, ўғирлаб кетилган. Унинг қаерда эканлиги 8 йилдирки, номаълумлигича қолмоқда. Руҳонийнинг оиласи эса узоқ вақтдан бери уни полиция олиб кетганини таъкидлаб келади.
Ўтган ҳафта Малайзия Олий суди руҳоний ўғирлаб кетилганини тасдиқлаб, бунинг учун ҳукумат ва полицияни айбдор деб топди. Иш юзасидан Малайзия суди биринчи марта бундай қарор берди.
Суд, шунингдек, давлат камида 31 миллион ринггит, яъни 7,4 миллион доллар товон тўлашини белгилади. Бу йўқолган Коҳнинг оиласига топширилиши керак бўлган компенсация. Якуний сумма Малайзия ҳуқуқ тарихидаги энг катта жарима суммаси бўлиши кутилмоқда.
“Биз жуда хурсандмиз, адолатли ва ҳалол ҳукм борлиги учун яратгандан миннатдормиз. Бу руҳоний Раймондни қайтариб бермаса ҳам, бу оила учун оқланиш ва иш ёпилиши, дегани. Биз ушбу кураш ва ҳукмни раҳм-шафқатли, жасоратли Раймонд Коҳ ҳамда зўрлик билан йўқолганларнинг барча қурбонларига бағишлаймиз”, деди руҳонийнинг рафиқаси Сюзанна Лю суддан сўнг журналистлар билан суҳбатда.
Жамоатчилик фаолларидан бири Амри Че Мат 2016 йил охирида ўғирлаб кетилган. Руҳоний Коҳ эса 2017 йил бошларида. Бир-биридан бир неча ой фарқ билан содир бўлган бу воқеалар Малайзия жамоатчилигининг муҳокамаси, танқид ва хавотирларига сабаб бўлиб келди.
Руҳонийнинг иши сарлавҳаларда анчагина устунлик қилди, чунки у куппа-кундузи, одамларнинг кўз ўнгида, ўз машинасидан туширилиб, ўғирлаб кетилган. Видеокузатув камераларига бу ҳолат тушиб қолган. Иккала оила ҳам эркаклари полиция томонидан олиб кетилганини айтган, бироқ полиция буни доим рад этиб келган.
Уларнинг ғойиб бўлиши иккита катта тергов бошланишига сабаб бўлди, бири Малайзиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси, иккинчиси ҳукумат томонидан ўтказилди. Иккала тергов ҳам якунда улар Малайзияда ислом динига таҳдид сифатида қабул қилингани учун полициянинг махсус бўлими томонидан ўғирланган бўлиши мумкин деган хулосага келган.








