Технология | 07:30 / 17.11.2025
6479
4 дақиқада ўқилади

Ишончли кўринади, лекин сохта: дипфейкни оддий кўз билан қандай фош этиш мумкин?

Сунъий интеллект технологиялари дунёга фақат ақлли ёрдамчилар ва реалистик роботларни эмас, балки ҳақиқийликдан деярли фарқланмайдиган янги фирибгарлик шакли — дипфейкларни ҳам олиб келди. Экранда таниш инсоннинг «шошилинч пул ёрдами» сўраб мурожаат қилаётган сохта видео ва аудиолар оммавий алдов қуролига айланмоқда. 

Фото: Getty Imagеs

РТУ МИРЭАнинг КБ-1 «Ахборотни ҳимоя қилиш» кафедраси ўқитувчиси Василий Шутовга кўра, дипфейк — бу машинали ўқитиш маҳсулоти бўлиб, унда нейрон тармоқ муайян инсоннинг минглаб тасвирлари ва овоз ёзувларини ўрганиб, унинг рақамли аватарини яратишни «ўрганади». «Фирибгарлар очиқ манбалардан — сайтлар, ижтимоий тармоқлар, турли ўқув видеоёзувларидан топган видео, фото ва маълумотлардан фойдаланади», — деб тушунтирди Василий Шутов.

Инсон интернетда ўзи ҳақида қанчалик кўп рақамли из қолдирса, унинг дипфейк-дублёри шунчалик сифатли ва ишонарли чиқади. Сунъий интеллект моделлаштирилган юз ва овозни актёр танасига «қўяди» ва мия уни ҳақиқий тасвир сифатида қабул қиладиган иллюзияни ҳосил қилади. «Тасвир ва овоз шунчалик реал бўлиб қоляптики, уни оддий фойдаланувчининг ҳақиқий ёзувидан ажратиб олиш анча қийин», — деб огоҳлантирди эксперт.

Дипфейклар қурбонларининг асосий хатоси — ўзини «менимча, мени алдай олишмайди» деб ўйлашидир. Кўпчилик сохта контентни тасвирдаги “сунъийлик” орқали албатта таниб олишига ишонади. Бироқ замонавий технологиялар бу тўсиқни аллақачон енгиб ўтган. «Технологиялар жойида туриб қолмаяпти ва, афсуски, сохта тасвирлар ва овозли хабарларнинг сифати ҳам доимий равишда яхшиланмоқда, шундан дипфейкни аниқлаш янада қийинлашиб бормоқда», — дея таъкидлайди Шутов.

Фирибгарларнинг асосий қуроли — технология устунлиги эмас, балки психологик манипуляция. Улар шундай вазият яратадики, унда сўровнинг муҳимлиги ва шошилинчлиги (масалан, «ёрдам бер, даволaниш учун дарҳол пул керак») инсоннинг танқидий фикрлашини босиб кетади. Экранда яқин кишисининг хавотирли қиёфасини кўрган одам ҳиссиёт билан ҳаракат қилади, мантиқ билан эмас. Фирибгарлар айни ана шу инсон омилидан фойдаланади.

Дипфейклардан ҳимоя — бу бир неча босқичдан иборат тизим бўлиб, профилактикадан бошланади. Биринчи қоида — рақамли гигиена. Очиқ фойдаланувдаги шахсий маълумотлар ҳажмини чеклаш, айниқса камерага тўғридан тўғри қараб гапираётган видеоёзувларни.

Агар пул ўтказиш сўралган шубҳали хабар келса, алоҳида ҳушёр бўлиш керак: «Видеода кўзлар тезлигига, овоз билан оғиз ҳаракатининг мос келишига, шунингдек, ёритиш, соялар ва атрофдаги предметларга эътибор беринг», — дея маслаҳат берди эксперт. Суст ёритилган, яхши чизилмаган кўзлар ва тишлар, контурларнинг хиралиги — буларнинг барчаси хавфли сигнал. Тасвирни катталаштириб, деталларни кўриш учун видеотаҳрир дастурларидан фойдаланиш мумкин. Реал вақтда текширишнинг энг ишончли усули — қўнғироқ қилиб, фирибгарлар сценарийсига киритилмаган назорат саволини бериш.

Бундай хабарлардаги ҳаволаларга ҳеч қачон ўтиш керак эмас ва нотаниш сайтларда маълумотларни киритмаслик лозим. Браузер манзил сатридан SSL-сертификатни билдирувчи «қулфча» белгисини текшириш шарт. «Хабар қайси ташкилот ёки ким номидан келган бўлса, айнан ўша ерга ўзингиз қўнғироқ қилиб, маълумотни аниқлаштиринг», — бу пулларингизни сақлаб қоладиган олтин қоидалардан бири.

Аккаунтларингизни бузиб киришдан ҳимоя қилиш (бу орқали фирибгарлар сиз ҳақингизда янада кўпроқ маълумот олиши мумкин) учун ҳар бир сервисда қўшалоқ ёки кўп босқичли аутентификацияни ёқинг ва ўзига хос мураккаб пароллардан фойдаланинг. «Пул ўтказишнинг ҳар бир босқичида шундай текширишлар қанчалик кўп бўлса, фирибгарлар сизнинг пулларингизни қўлга киритиш эҳтимоли шунчалик камаяди», — хулоса қилади Василий Шутов.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид