Жаҳон | 12:22 / 20.11.2025
1361
3 дақиқада ўқилади

ГФР ҳукумати армияга дронларни уриб туширишга рухсат берадиган қонун лойиҳасини маъқуллади

Бундестаг ГФР ҳукумати томонидан келишилган, Бундесверга мамлакат ҳудуди устидан дронларни уриб туширишга рухсат берадиган қонун лойиҳасини кўриб чиқади. Дронлардан ҳимоя учун асосий масъулият полиция зиммасига юкланади, армияни эса фақат алоҳида ҳолатларда жалб қилиш мумкин бўлади.

Фото: BREUEL-BILD/IMAGO

Бундестаг ГФР ҳукумати томонидан келишилган ҳаво хавфсизлиги тўғрисидаги қонундаги ўзгартишларни кўриб чиқади. Уларга кўра, Бундесверга Германия устидан учаётган дронларни уриб тушириш ваколатлари берилади, шунингдек полиция дронларга қарши кураш ускуналари билан жиҳозланади. Мос равишда қонун лойиҳасини чоршанба, 19 ноябр куни мамлакат ички ишлар вазири Александер Добриндт тақдим этди.

Ички ишлар вазирига кўра, бу «муҳим қонун» жосуслик ва диверсиялардан ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилган. Ҳужжатга биноан, дронлардан ҳимоя учун, одатдагидек, улар аниқланган федерал ер полицияси жавоб беради. Аэропортлар ва вокзаллар эса федерал полиция масъулиятида қолади.

Шу билан бирга, қонун армияга полиция талаби асосида дронларга қарши курашда ёрдам кўрсатиш имконини беради. Германия федерал ҳукуматининг расмий вакили Штефан Корнелиус таъкидлашича, Бундесверни «фақат сўнгги чора сифатида» — жиддий ҳодисанинг олдини олиш учун жалб қилиш лозим бўлади. У мисол тариқасида муҳим инфратузилмага ҳужум хавфини келтирди.

Бундан ташқари, қонун дронлардан ҳимоя қилиш бўйича ягона қўшма марказ ташкил этилишини назарда тутади. Унинг шаклланишида федерал ҳукумат ҳам, ерлар ҳокимиятлари ҳам иштирок этади. Шунингдек, қонун аэропортлар ҳудудига ноқонуний кириш учун катта жарималар жорий қилади.

Қонун лойиҳаси Бундестагда тақдим этилган куни Германия федерал канцлери Фридрих Мерц ҳам мамлакатдаги дронлар билан боғлиқ вазиятни изоҳлади.

«Деярли ҳар куни Германия ҳаво ҳудудида учувчисиз учиш аппаратлари кузатилмоқда. Ҳимоя ва хавфларни бартараф этиш мақсадида қуролли кучларни шундай жиҳозлаяпмизки, улар ерлар полициясига дронларга қарши курашда ёрдам кўрсата олсин. Эсдан чиқармаслик керак: ҳимоялана олиш қобилиятига эга бўлишимиз лозим, акс ҳолда биз ҳимояланишга мажбур бўламиз», — деб ёзди у X саҳифасида.

Октябр ойи бошида ГФР ички ишлар вазири Добриндт федерал полиция таркибида дронларга қарши курашиш билан шуғулланадиган махсус бўлинма тузилишини эълон қилган эди. «Бу йўналишда Исроил ва Украина, шунингдек европалик дўстларимиз ва Еврокомиссия билан ҳамкорлик йўлга қўйилади», — деган эди вазир.

Орадан бир неча кун ўтиб, ГФР ҳукумати федерал полицияга хавф туғдираётган дронларга қарши ҳимоя чораларини кўришга рухсат берадиган қонун лойиҳасини келишгани маълум бўлди. Таъкидланишича, ИИВ ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар учун йилига 90 миллион евро ажратишни режалаштирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид