Исроил сешанба куни кечқурун Ливан жанубидаги фаластинлик қочқинлар лагерига авиазарба уюштирди. Сайда шаҳрида жойлашган лагерга берилган авиазарба оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлган.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, зарба лагерь ичидаги бир марказни нишонга олган ва ҳужумда бир неча одам яраланган, аммо аниқ сони кўрсатилмаган.
New York Times'нинг Ливан давлат ахборот агентлигига таяниб ёзишича, марказга учта ракета отилган. Зарбадан сўнг Сайда шаҳридаги шифохоналарга кўплаб яраланганлар олиб келинган, қурбонлар учун аҳолига қон топшириш бўйича мурожаатлар қилинмоқда.
Бу — Ҳизбуллоҳ билан уруш тугагач, сулҳ кучга кирганидан бери Исроил амалга оширган энг ҳалокатли зарбалардан бири бўлди.
Исроил ҳарбийлари ўз баёнотида Ҳамасга тегишли ўқув мажмуасини нишонга олганини ва «Ҳамаснинг Ливандаги инфратузилмасига қарши ҳаракат қилаётганини» билдирди.
Ҳамас эса Исроил ҳарбийларининг баёнотини рад этиб, уни «мутлақ сохталик ва ёлғон» деб атади. Гуруҳнинг айтишича, «нишонга олинган жой — лагердаги ёшлар ташриф буюрадиган очиқ спорт майдони бўлган». «Ливандаги фаластинликлар лагерларида ҳеч қандай ҳарбий объектлар йўқ», деди Ҳамас.

Anadolu'нинг ёзишича, Исроил армияси 2024 йил октябрь ойида ушбу лагерга шунга ўхшаш ҳужум уюштирган эди. Ўшанда олти киши, жумладан уч бола ҳалок бўлган.
Ливан фаластинлик қочқинларнинг катта қисми яшайди, деб ёзмоқда NYT. Уларнинг аксарияти Исроил босиб олган ҳудуддаги жойлашган шаҳар-қишлоқларидан 1948 йилги уруш чоғида қочган ёки қувиб чиқарилганларнинг авлодларидир.
Исроил Ливандаги сулҳни тинимсиз бузиб келмоқда
Жанубий Ливанда сўнгги ҳафталарда танглик кучайиб бормоқда. Исроил армияси Ливан ҳудудида деярли ҳар куни авиазарбалар уюштиряпти ва буни «Ҳизбуллоҳ аъзолари ва инфратузилмасини нишонга олиш» деб атамоқда.







