«6 ойдан бери пулимизни ололмаяпмиз»
Сўнгги бир неча кун ичида Humans компаниясидан норози бўлган ўнлаб инсонлар Kun.uz билан боғланди. Икки компания ўртасидаги низодан мижозлар азият чекяпти.
«Мен Humans’дан жабрланган инсонман. 6 млн пулим 28 июнда “расторжение контракта” (шартномани бекор қилиш) қилинган, 40 кунда қайтарилади дейишганди, аммо мана, ярим йил бўлди, сохта ваъдалар бериб келинмоқда», дейди Асаджон Холматов.
Хуршидбек исмли бошқа бир мурожаатчи Humans офисига бориб, пулни қайтариш бўйича ариза ёзганини, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаганини айтмоқда.
«Humans алоқа компанияси картадаги 6 млн пулимни музлатиб қўйган, бермаяпти. Деярли бир йил бўлади яқинда. Бундан 3 ой олдин маблағни қайтариш бўйича ариза ҳам қолдирганман. Фойдаси бўлмади. Бермаяпти барибир. Олдин Visa картада турарди, кейин ўз ўзидан ишламай, музлаб қолди. Телефон қилсак, ариза ёзиб кетинг, деди. Бориб ёздим. 3 ойдан бери на телефонни кўтаради, на пулни қайтариб беради», дейди у.

«Humans виза картасида 3 млн 370 сўм микдорда пулим бор эди. Картадаги маблағ балансимга ўтиб қолди. Мен бу пулни фақат ўз тарифимга ишлатишим мумкин экан, лекин ечиб ололмасдим. Компания алоқа марказига телефон қилдим (1234), улар Тошкентга келиб, Яккасаройдаги филиалларига ариза топширишимни айтишди.
16 июнда Тошкентга бориб, Humans филиалига ариза ёзиб қолдирдим. Улар аризани 10 кун ичида кўриб чиқиб, 30 иш кунида пул қайтарилади, дейишди ва пластик карта маълумотларимни, телефон рақамларимни ёзиб олишди. 26 июлда ҳисобимдан Humans компанияси орқали 3 млн 370 минг сўм пул ечиб олинди, лекин қайтариб беришмади.
Шу кундан бошлаб алоқа марказига (1234) мурожаат қилишни бошладим. Улар фақат «кутиб туринг опажон, пулингиз бухгалтерияга юборилган, улар кўриб чиқиб қайтариб беришади» ёки «кўриб чиқилиш жараёнида» деган гапни айтишяпти. 5 ойдан бери шу аҳвол. Қаерга мурожаат килишни билмаяпман», дейди бошқа бир мурожаатчи.

Kun.uz билан боғланган яна бир ватандош ҳам отаси Humans’нинг Visa картасида 21 млндан кўпроқ маблағ сақлаб келганини айтиб, пулни ололмаётганини таъкидлаяпти.
«Менинг отам Humans мобил алоқа операторининг Visa картасида 21 млн 404 минг сўм маблағ сақлаб келаётганди. Бироқ компаниянинг Octobank билан шартномаси бекор қилингани сабабли ушбу пулни қайтариб олиш имкони бўлмаяпти. Ариза ҳам қолдирган эдик, маблағ 1 ой ичида қайтарилиши айтилганди. Шундан бери 3 ой ўтди, натижа йўқ. Операторлар фақат турли хил баҳоналар айтишади», дейди у.

















