Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой Ветнам чегарасида Walker S2 одамсимон роботларини жойлаштирмоқда
Хитойнинг UBTech Robotics компанияси Гуанси автоном районидаги чегара пости пунктларида антропоморфик (инсонга ўхшаш, одамсимон) роботларни жорий этиш бўйича 264 миллион юан (тахминан 37 млн доллар ёки 443 млрд сўм)лик шартнома имзолади. Роботларни етказиб бериш жорий йил декабридан бошланади.
Фото: UBTech
Шартнома Ветнам билан чегарадош, денгиз бўйида жойлашган Фанчэнган шаҳридаги робототехника маркази билан тузилган. Лойиҳа доирасида июл ойида намойиш этилган ва дунёда илк бор аккумуляторини тўлиқ автоном равишда алмаштира оладиган машина сифатида тақдим этилган Walker S2 роботлари жойлаштирилади. Бу Хитойда давлат тузилмаларида антропоморфик роботлардан фойдаланишнинг энг йирик мисолларидан бири ҳисобланади.
Пилот дастурга кўра, Walker S2 роботлари чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларига жойлаштирилади. Улар сайёҳларга йўл кўрсатади, одамлар оқимини тартибга солади, патрул ишларида ёрдам беради ва логистика билан боғлиқ вазифаларни бажаради.
UBTECH томонидан яратилган Walker S2 роботи 162 сантиметр узунлик ва 43 килограмм оғирликка эга. У 48 волтли литий аккумуляторларидан иборат икки батареяли тизимда ишлайди ва фаолият турига қараб икки соатдан тўрт соатгача ишлай олади, шундан кейин захираси тугайди. Аккумуляторни тўлиқ қувватлаш 90 дақиқа вақт олади.
Моделнинг энг муҳим афзалликларидан бири — батареяларни автоном алмаштириш тизими. UBTech маълумотларига кўра, робот аккумуляторни тўлиқ қувватланганига тахминан уч дақиқада алмаштира олади. Бу эса инсон иштирокисиз деярли 24 соат ишлаш имконини беради.
Компания йил охиригача 500 та робот етказиб беришни, келгуси йили ишлаб чиқариш ҳажмини ўн баробар оширишни ва 2027 йилга бориб йилига 10 000 та робот ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Хитойда робототехника бошқа соҳаларда ҳам жадал ривожланмоқда: соғлиқни сақлаш ва қарияларга ғамхўрлик, шаҳар тозалиги, йўл ҳаракатини бошқариш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, метро орқали ва дронлар ёрдамида автоматлаштирилган етказиб бериш тизимлари шулар жумласидан. Чегара назорати ҳам Хитойнинг сунъий интеллектни ривожлантиришга интилуви тобора кучайиб бораётган яна бир йўналишга айланмоқда.
Мавзуга оид
18:54 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида Хитой билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарилади
17:37 / 04.12.2025
Сирдарёдаги 9 та туман-шаҳар ҳокимлари Хитойга йўл олади
11:22 / 04.12.2025
Макрон Пекинга келди: Украина уруши ва савдо можаролари муҳокама қилинади
19:03 / 02.12.2025