Украина Миллий аксилкоррупция бюроси (НАБУ) ва Ихтисослаштирилган аксилкоррупция прокуратураси (САП) ходимлари 28 ноябр куни эрталаб Киевнинг ҳукумат кварталида Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакнинг уйини тинтув қилиш учун келишди. Бу ҳақда биринчи бўлиб «Украинская правда» ўз мухбирига таяниб хабар берди. Нашр журналистларига кўра, ҳукумат квартали ҳудудига 10 га яқин ходими кирган.
Кўп ўтмай, бюро ва Ермакнинг ўзи тинтув ўтказилганини тасдиқлади. Бюро хабарида тинтувларга «санкция берилган ва тергов доирасида ўтказилаётгани» айтилган. Гап қандай тергов ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмади.
Ермак ўзининг телеграм-каналида НАБУ ва САП унинг уйида «процессуал ҳаракатлар олиб бораётгани» ҳақида ёзган. «Терговчиларга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Уларга квартирага тўлиқ кириш имконияти берилди, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорлик қилувчи адвокатларим ҳам ўша жойда. Мен томондан – тўлиқ ҳамкорлик қилинади», – деди Украина президенти офиси раҳбари.
Володимир Зеленский тинтув юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.
Кейинроқ «Интерфакс-Украина», «РБК-Украина» ва «Украинская правда» ўз манбаларига таяниб ёзишича, Андрей Ермакнинг уйида ўтказилган тинтувлардан сўнг терговчилар ҳеч кимга гумонланувчи деб топилгани ҳақида хабар бермаган.
Financial Times журналисти Кристофер Миллер манбаларга таяниб, Ермакникидаги тинтувлар энергетика соҳасидаги коррупция иши бўйича тергов билан боғлиқлигини маълум қилди. Тинтувларнинг бу иш билан боғлиқлиги ҳақида «РБК-Украина» ҳам ёзган.
Ноябрь ойи бошида Миллий аксилкоррупция бюроси Украинадаги барча атом электр станцияларини бошқарувчи «Энергоатом» компаниясида кенг кўламли ўғирликлар фош этилганини эълон қилганди. Гап компаниянинг юзлаб миллион долларлик харидларидан «откат» олингани ҳақида кетмоқда. Аксилкоррупция идоралари версиясига кўра, кенг кўламли ўғирлик схемасининг яратувчиси ва асосий бенефициарларидан бири «Квартал 95» студиясининг ҳаммуассиси ва Володимир Зеленскийнинг сафдоши Тимур Миндич бўлган, юқори мартабали амалдорлар ҳам эҳтимолий бенефициарлар сифатида кўрсатилган. 10 ноябр куни терговчилар тинтув учун Миндичникига боришган. «Украинская правда» шундан бир неча соат олдин Исроилга жўнаб кетгани ҳақида ёзган (унда ушбу мамлакат фуқаролиги бор).
Коррупция можароси фонида Андрей Ермак истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. «Украинская правда» хабарига кўра, Володимир Зеленский атрофидаги одамлар унга президент офиси раҳбарини ишдан бўшатишни маслаҳат берган. 20 ноябр куни Зеленский «Халқ хизматкори» («Слуга народа») фракцияси вакиллари билан учрашув ўтказган ва унда Ермакни ишдан бўшатмоқчи эмаслигини маълум қилган.
















