Жамият | 15:56 / 01.12.2025
14652
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автотураргоҳ инспекторини машина уриб кетди

Тошкентнинг Абдулла Қодирий кўчасида пуллик автотураргоҳ инспектори Феруз Пармонов автомобил уриб кетиши оқибатида вафот этди. Уни уриб юборган машина яна икки автомобил билан тўқнашиб, йўлнинг қатнов қисмидан чиқиб кетган.

Фото: Poytaxt Parking

28 ноябр куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Poytaxt Parking ходими Феруз Пармонов ҳалок бўлди.

ЙҲХБ хабарига кўра, ҳодиса 28 ноябр куни тахминан соат 11:10 да туманнинг Абдулла Қодирий кўчасида содир бўлган. Onix русумли автомобил ҳайдовчиси ҳаракат вақтида бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг четки қисмида турган автотураргоҳ ходими Феруз Пармоновни уриб юборган.

Шундан сўнг Onix ўнг қаторда тўхтаб турган Nexia-3 ва Cobalt автомашиналари билан ҳам тўқнашган ҳамда йўлнинг қатнов қисмидан чиқиб кетган.

ЙТҲ оқибатида инспектор воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.

«Биз ижтимоий тармоқларда фожиа содир бўлган жойдан олинган фото ва видео материаллар, шунингдек, воқеа гўёки ушбу кўчада пулли автотураргоҳлар ташкил этилгани сабабли содир бўлгани ҳақидаги асоссиз даъволар тарқатилаётганидан жиддий ташвишдамиз. Жамоатчиликдан ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тергов якунланишини кутишни, марҳумнинг хотирасини ҳурмат қилишни ва ушбу фожиага оид текширилмаган ёки ёлғон маълумотларни тарқатмасликни сўраб қоламиз»,  дейилади Poytaxt Parking компанияси хабарида.

Компания тегишли органлар билан доимий алоқада бўлиб, фожиа ҳолатларини ҳамда Onix ҳайдовчисининг айб даражасини холис равишда аниқлашга қаратилган тергов жараёнига тўлиқ кўмак кўрсатаётганини билдирди.

«Биз марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз. Феруз фидокор, тиришқоқ ва масъулиятли инсон эди. Унинг кутилмаган ўлими бутун жамоамиз учун оғир йўқотиш бўлди. Биз унинг хотирасини чуқур ҳурмат қиламиз»,  дейилади хабарда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид