10 декабрь куни АҚШнинг ядро қуролини ташишга қодир бомбардимончилари Япония қирувчи самолётлари билан бирга Япон денгизи устидан парвоз қилди. Бу ҳаракат Хитой ва Россиянинг— Япония ва Жанубий Корея атрофидаги ҳудудларда ўтказган машқларидан сўнг куч намойиши бўлди.

«Япония ва АҚШ «куч билан ҳолатни бир томонлама ўзгартиришга уринишларнинг олдини олиш борасидаги қатъий ирода»ни кўрсатди. «Ўзини мудофаа кучлари ва АҚШ кучларининг тайёрлик позицияси»ни тасдиқлади, дейилади Япониянинг мудофаа вазирлигининг баёнотида.

Маълум қилинишича, машғулотларда АҚШнинг иккита B-52 стратегик бомбардимончиси, Япониянинг 3 та F-35 қирувчиси ва учта F-15 қирувчилари қатнашган. Бу парвозлар – Хитой ўтган ҳафта минтақада ҳарбий машқларни бошлаганидан бери АҚШ биринчи марта ҳарбий мавжудлигини намойиш қилишидир.

АҚШ бомбардимончи парвозлари сешанба куни — Хитой ва Россиянинг қўшма стратегик бомбардимончи парвозлари ва Хитойнинг алоҳида авиаташувчи кемалари машқларидан кейин амалга оширилди. Япония томонининг айтишича, ўшанда Хитой самолётлари япон самолётларини радар нурлари билан «нишонга олган», шу сабабли Япония қирувчиларини ҳавога кўтарган.

Япония Қуролли кучлари бош штаби раҳбари генерал Ҳироаки Учикура Хитой ва Россиянинг қўшма бомбардимончи парвози Японияга қарата қилинган куч намойиши эканини айтганди.

Тайван масаласи ортидан бошланган можаролар

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Reutersʼга гапирган АҚШ расмийси эса бомбардимончилар парвози аҳамиятини камайтирган. «Уларнинг парвози Хитой-Россия машқларидан анча олдин режалаштирилган», деган расмий. У, шунингдек, АҚШ ва Япония ҳарбий самолётлари ўтган ой ҳам худди шундай қўшма парвозларни амалга оширганини қўшимча қилди.

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитнинг айтишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой билан ҳам, Япония билан ҳам яхши муносабатда бўла олади.

«Япония АҚШнинг буюк иттифоқчисидир, бунга икки етакчининг шахсий муносабати ва давом этаётган савдо алоқаларимиз далилдир,» деди брифингда. «Хитойга келадиган бўлсак, президент Си билан ҳам у яхши ишчи муносабатларга эга, бу бизнинг мамлакатимиз учун фойдали деб ҳисоблайди»