Жаҳон | 11:43
1081
8 дақиқада ўқилади

Озод этилган беларуслар бошқалар озодлиги учун ҳам курашишга чақирди

Минск АҚШ билан музокаралардан кейин бир кун олдин озод қилган Мария Колесникова, Виктор Бабарико, Александр Федута ва Владимир Лабкович илк матбуот анжуманини ўтказиб, колонияда ўтган йиллар ва озодликка чиқиши ҳақида сўзлаб берди.

Фото: DW

Беларус ҳокимияти томонидан озод этилган сиёсий маҳбуслар Чернихив вилоятида биринчи матбуот анжуманини ўтказди. Мухолифат сиёсатчилари Мария Колесникова ва Виктор Бабарико, ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Лабкович ҳамда сиёсатшунос Александр Федута якшанба куни, 14 декабрда қамоқда бўлган даври ва озод этилгани ҳақидаги ҳолатларни баён қилди. Озод этиш бир кун олдин, Минскда АҚШ делегацияси билан Беларус ҳокимияти ўртасидаги музокаралар натижаси сифатида амалга ошган.

Мария Колесникова 2020 йилда Беларусни тарк этишдан бош тортгани ва шундан кейин қўлга олингани ҳақида афсусланмаслигини айтди. «Шундай пайтлар бўладики, ҳаёт олдимизга шундай саволларни қўяди ва биз қийин танлов қилишимизга тўғри келади. Мен бу қийин танловни жуда осон қилдим, чунки мен Виктор Дмитриевич (Бабарико — таҳр.) ва унинг ўғли Эдуард ифода этаётган тўғри ғояни қўллаб-қувватлаганимга, қадриятларимни ҳимоя қилганимга ишонганман ва ҳануз шундай. Мен ёлғиз эмасман, бундайлар кўп», — деди у.

Колесникова озодликка чиққани учун АҚШ ва Украина президентлари Доналд Трамп ва Володимир Зеленскийга миннатдорлик билдирди. «Ҳозир содир бўлаётган ишлар, ишнинг ўлик нуқтадан силжиши ва ижобий ўзгаришларга умид пайдо бўлгани учун Доналд Трамп ва унинг жамоасига раҳмат айтмоқчиман. Президент Зеленскийга ва бутун Украина халқига — бизларни қабул қилганингиз, кеча ва бугун сизнинг муҳаббатингиз ва қўллаб-қувватлашингизни ҳис қилаётганимиз учун раҳмат», — деди у Украинадаги матбуот анжуманида.

У, шунингдек, Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг сиёсий маҳбусларни озод қилишга рози бўлгани учун ҳам миннатдорлик билдирди ва бу йўналишда кейинги қадамлар бўлишига умид билдирди. «Агар биз бу йўналишда нимадир қила олсак, албатта қиламиз. Лекин ҳозир ҳаммаси мутлақо бизга боғлиқ эмас, деб ўйлайман. Биз қамоқда қолганларнинг барчаси озод бўлган кунни мамнуният билан қарши оламиз, ва ҳаммамиз уйга қайтишимиз — биз учун жуда оғриқли масала. Илк қадамлар оптимизм бағишлаяпти, умид қиламиз, бу давом этади», — деди собиқ сиёсий маҳбус.

Колесникова, шунингдек, озод қилинганлар орасида биринчи бўлиб Украина ҳудудига чиққанини ва энг аввало «шахсан Украина президентига раҳмат айтганини» маълум қилди. Кейин у бошқа беларуслик сиёсий маҳбуслар келтирилаётган автобусларни кўрган — улар орасида Виктор Бабарико, Максим Знак ва Марина Золотова ҳам бўлган. «Қувончимни сўз билан ифода қилиш қийин. Бу ерда энг муҳими — ўша лаҳзанинг ўзи содир бўлгани. Албатта, яна такрор айтаман: бу ишда қатнашган барча томонларга — сиёсатчиларга, дипломатларга, махсус хизматларга чин дилдан миннатдорман», — дея қўшимча қилди у.

Виктор Бабарико ўз навбатида сўнгги уч йил давомида тўлиқ яккаланган ҳолдa сақланганини, унда хат олиш ёки қўнғироқ қилиш имконияти бўлмаганини айтди. «Ўғлим билан нима бўлаётгани ҳақидаги маълумот эса фақат одамлар бир-бирига қандайдир йўллар билан етказа оладиган имкониятлар доирасида келиб турарди. Кеча мен аниқ маълумот олдим: у ҳозир Оршадаги қаттиқ режимли колонияда экан, унга 411-модда бўйича яна 2 йил қўшиб берилган. Жуда хавотирдаман, лекин у бор синовларни муносиб енгиб ўтаётганидан фахрланаман», — деди у.

Беларус президенти лавозимига собиқ даъвогар қамоқда ҳали ҳам тахминан минг нафар одам қолганини эслатди. «Тушуниш керак: бу озод қилиш етарлича медиявий, машҳур инсонларга тегди. Лекин биз ҳеч қачон фамилиясини эшитмаган одамларни унутмаслигимиз керак», — деди у.

Мария Колесникова каби, Виктор Бабарико ҳам 2020 йилда президент сайловлари олдидан, ҳибс хавфига қарамай, Беларусда қолиш қароридан афсусланмаслигини айтди. «Мен умрим давомида тўғри ва зарур деб билган ишимни қилдим. Шунинг учун 2020 йилда қўлимиздан келганини қилдик. Фақат бирор ишни охиригача қилмаган бўлсанг, ўзингни айблашинг мумкин. Демак, қарор қабул қилинган пайтда у тўғри қарор эди», — деди Бабарико.

У қамоқ даврида саломатлиги билан боғлиқ муаммолар бўлганини ҳам айтди. Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда турмада унда «назорат қилиб бўлмайдиган ҳушдан кетишлар» кузатила бошлаган. «Шундай ҳушдан кетишлардан бирида уйғониб кетдим ва қовурғам сингани, ўпкам йиртилгани, икки томонлама ўпка яллиғланиши борлиги аниқланди, менимча, бошимда 23 та ёриқ ҳам бор эди. Бу қандай содир бўлганини билмайман. Чунки ҳаммаси ҳушимдан кетганимдан кейин бўлган. “Урилдим” ёки “мени калтаклашди” деб айта олмайман — мен билан нима бўлганини билмайман», — деди Бабарико.

У Новополоцк шифокорларига миннатдорлик билдирди: улар уни ўз вақтида шифохонага олиб бориб, операция қилган. «Кейин мени республика шифохонасига ўтказишди, у ерда ҳам профессионал ёрдам кўрсатилди», — деди у. Бабариконинг айтишича, ўша воқеадан кейин у бошқа ҳушдан кетмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Лабкович у ва баъзи бошқа озод этилганларда паспортлар йўқлигини эслатди. «Бизга озод қилинганимиз ҳақида маълумотнома беришди — расм туширилган қоғозча, унда биз озод қилинаётганимиз ва айрим паспорт маълумотларимиз ёзилган. Украина томонига бизларни қабул қилгани учун жуда миннатдормиз», — деди у. У қабул «илиқ, қулай ва жуда меҳмондўст» бўлганини таъкидлади.

Александр Федутанинг айтишича, озод бўлганидан кейин Украинадаги ҳоспиталда шифокорлар ва волонтёрлар билан суҳбатлашганда у «мамлакат учун уят ҳиссини» туйган. «Чунки шундай воқеалар бўлаётган мамлакатда бизларни илиқ ва очиқ кўнгил билан қабул қилишяпти, ҳолбуки ўша шифокорлар ва волонтёрлар биз келишимиздан олдин ҳам, кетганимиздан кейин ҳам эҳтимол биздан кўпроқ ёрдамга муҳтож одамларга ёрдам бериш билан шуғулланади. Шунинг учун раҳмат сизларга, украинлар», — деди сиёсатшунос.

Александр Федута, шунингдек, озод этилишидан олдин уни операцияга тайёрлашганини — у 24 февралга белгиланганини айтиб берди. «Соат тўрт яримларда мени колония бошлиғининг ўринбосари уйғотиб, кийинишни ва у билан чиқишни сўради. “Этапка” деб аталадиган хонада (текширувдан кейин кўчириш шу ер орқали бўлади), у мендан нима бўлаётганини тушуняпсанми, деб сўради. Мен, эҳтимол, озод қилиш жараёни бошланганини тушундим ва нарсаларим қаерда, деб сўрадим», — деди у.

Федута озод қилинганда турмада ёзган қўлёзмаларини олиб чиқишга рухсат беришмаганини билдирди. «У ерда сиёсий ёзувлар ҳам, кундаликлар ҳам йўқ эди. Қамоқда бўлганимга оид ҳеч қандай маълумот ҳам йўқ эди. У ерда кино сценарийси, икки песа ва шеърлар ёзилган икки дафтар бор эди», — дея тушунтирди у.

Озод этилган беларуслар матбуот анжумани Чернихив вилоятида кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтказилди. Украина ҳокимияти ОАВга залдан жонли трансляция қилишни тақиқлади, шунингдек матбуот анжумани вақтида ва ундан кейин яна бир соат давомида иштирокчиларнинг суратлари ва иқтибосларини эълон қилмасликни сўради. Бунга сабаб — тадбир ўтказилаётган жой ошкор бўлиб қолса, РФ қўшинлари зарба бериши мумкин, деган хавотир эди.

Беларус ҳокимияти 123 кишининг сиёсий қамоқдан озод этилганини 13 декабр куни — Лукашенко ва АҚШ делегацияси ўртасида икки кунлик музокаралардан сўнг эълон қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид