Жаҳон | 08:45
2057
2 дақиқада ўқилади

Раҳмон: чегара келишувлари Марказий Осиёда ишонч ва барқарорликни кучайтирди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон йиллик мурожаатномасида Тожикистон–Қирғизистон ўртасидаги чегара масаласи бўйича тўлиқ келишув ҳамда Ўзбекистон–Қирғизистон–Тожикистон уч давлат чегаралари туташ нуқтаси ҳақидаги шартнома минтақада ишонч ва барқарорликни кучайтиришга хизмат қилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳужжатлар Марказий Осиё ривожи ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади. 

Президентнинг қайд этишича, 2025 йил Тожикистон учун муҳим сиёсий воқеаларга бой бўлган. Хусусан, баҳорда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ўтказилгани йилнинг асосий воқеаларидан бири сифатида тилга олинган

Мурожаатномада айтилишича, икки мамлакат ўртасида бир асрдан зиёд вақт давомида баҳс мавзуси бўлиб келган чегара масалаларини ҳал этиш “тарихий воқеа” сифатида баҳоланган. 

2025 йил 13 март куни Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари 970 км умумий чегарани расмий демаркация қилиш бўйича келишувни имзолаган; келишув, шунингдек, 2022 йилдаги можаролардан сўнг тўхтатилган транспорт қатновларини тиклаш масалаларини ҳам қамраб олгани хабар қилинган. 

Имомали Раҳмон, шунингдек, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида уч давлат чегаралари туташ нуқтаси бўйича шартнома имзолагани ва Хўжанд декларацияси (“абадий дўстлик”) қабул қилинганини эслатиб ўтди. 

Тожикистон ОАВ маълумотларига кўра, Хўжанддаги уч томонлама учрашув якунлангач, шартномани имзолаш маросими ўтказилган, раҳбарлар эса бу воқеани минтақа учун муҳим ва тарихий қадам деб атаган. 

Шартнома Хўжанд шаҳрида 31 март 2025 йилда тузилган, унинг кучга кириши эса ратификация ҳужжатлари алмашилганидан кейин таъминланиши қайд этилган, шунингдек, “дўстлик рамзи” сифатида туташ нуқтада стела ўрнатилган. 

Мурожаатнома доирасида президент чегара келишувлари минтақадаги ишонч муҳитини мустаҳкамлаши, ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосни кенгайтириши ва Марказий Осиёда ўзаро боғлиқликни кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлаган. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид