РФ мудофаа вазирлиги ҳарбий маълумотни расмий версияга мослаштирмоқда: Лавров 91 та дрон билан ҳужум қилинганини айтганди, вазирликнинг ўша кунги баёнотида Валдай жойлашган Новгород области ҳудудида 18 та дрон уриб туширилгани маълум қилинганди. Маҳаллий аҳоли эса дронлар овози ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя воситалари ишга тушганидан кейин бўладиган портлаш овозларини эшитмаган. Маҳаллий пабликларда ҳам ҳужум оқибатлари акс этган кадрлар чиқмади.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Украина дронлари Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум уюштиргани ҳақида баёнот берганидан бир кун ўтиб ҳам бу ҳужум чиндан рўй берганига далиллар тақдим этилмади – аммо бир қанча давлатлар етакчилари бу «ҳужум»ни қоралаб чиқишди.
БАА ташқи ишлар вазирлиги «ҳужум»ни «жирканч» деб атаган. Идора Россия президенти, ҳукумати ва халқи билан бирдамлигини тасдиқлади ва «БАА хавфсизлик ва барқарорликка путур етказишга қаратилган зўравонликнинг ҳар қандай шаклини қабул қилмаслиги»ни таъкидлади. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам худди шундай баёнот билан чиқди.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Путин қароргоҳига «ҳужум» ҳақидаги хабарлардан «чуқур хавотирда» экани ҳақида рус тилида пост жойлаштирди. «Ҳозирги дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинчликка эришишнинг энг мақбул йўлидир. Биз барча манфаатдор томонларни ушбу йўлга эътибор қаратишга ва жараёнга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз», – деб ёзган Моди.
Кремл баёнотига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам «ҳужум»ни қоралаб баёнот берди – икки президент ҳам 30 декабр куни Владимир Путин билан телефон орқали гаплашган.
Россия расмийлари ҳалигача Украина Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишга уринганига оид далилларни келтирмади. Лавров ўз баёнотида Украина 91 та зарбдор дрон билан ҳужум қилгани ҳақида айтганди. Россия мудофаа вазирлигининг 29 декабр куни эрталаб берган ҳисоботида эса Россия узра украинларнинг жами 89 та дрони тўхтатилгани ва йўқ қилингани ҳақида маълум қилганди, шундан фақат 18 таси – Валдай қароргоҳи жойлашган Новгород области ҳудудига кирган. Бир ярим соат ўтиб ҳарбий идора ушбу регионда яна 23 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди. 29 декабр куни, Лавровнинг баёнотидан кейин, мудофаа вазирлиги янги пост эълон қилди, унда рақамлардаги тафовутни изоҳлашга ҳаракат қилинган. Ҳарбий идоранинг таъкидлашича, Лавровнинг баёнотида келтирилган миқдор Брянск областида тўхтатилган 49 та дрон ҳамда Смоленск области узра тутиб қолинган яна бир дронни ҳам ўз ичига олган: вазирлик улар ҳам «Новгород области йўналишида учгани»га ишонтиришга уринган.
















