Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк истеъфога чиқди. Президент Володимир Зеленский билан учрашувдан кейин у ўз лавозимини тарк этаётгани, аммо «УХХ тизимида қолиши ва келгусида ҳам душманга максимал зарар етказадиган жаҳон миқёсидаги носимметрик махсус операцияларни амалга оширишда давом этиши»ни маълум қилган. У айнан қандай лавозимни эгаллаши ҳозирча маълум эмас.

Зеленский Евгений Хмара билан

Зеленский генерал-майор Евгений Хмара номзодини УХХнинг янги раҳбари лавозими учун илгари сурган. Хмара – Украина хавфсизлик хизматининг тажрибали ходимларидан бўлиб, 2023 йилдан Терроризмга қарши махсус операциялар марказига раҳбарлик қилган, 2025 йил августида «Алфа» махсус операциялар маркази раҳбари этиб тайинланганди. Энди Олий рада Хмарани УХХ раҳбари лавозимига тасдиқлаши керак бўлади.

Малюк УХХга 2022 йил июлидан бошлаб раҳбарлик қилган (2023 йил ёзигача – вазифа бажарувчи мақомида). Махсус хизматлар унинг раҳбарлиги даврида Россия ҳудудида қатор шов-шувли амалиётлар ўтказди, «Ўргимчак тўри» («Паутина») операцияси ва Қрим кўпригидаги портлашлар, шунингдек, Россиянинг ичкари ҳудудларидаги нефтни қайта ишлаш заводларига узлуксиз ҳужумлар шулар жумласидан.

Зеленский ва Василий Малюк

Украинадагилар Малюкнинг хавфсизлик хизматидаги фаолиятини ўта муваффақиятли деб баҳолашади. «РБК-Украина» урушга қадар бўлган даврда УХХнинг функциялари фақат ички хавфсизлик масалалари билан чекланган бўлгани, Малюк хизматга раҳбар этиб тайинлангач, Кирилл Буданов раҳбарлигидаги Бош разведка бошқармаси каби УХХ ҳам «амалда урушнинг тўлақонли иштирокчилари ва жаҳон брендларига айлангани»ни таъкидлайди.

«Айнан у УХХни ноёб махсус операциялар ўтказадиган ва музокаралар столида Украина учун кучли карталар берадиган самарали махсус хизматга айлантирди», - деганди 3 январ куни Politico нашрига шахси ошкор этилмаган украиналик мулозим. Унинг сўзларига кўра, Малюкнинг УХХдан кетиши махсус хизматни жиддий заифлаштиради: «Агар Малюк ўз лавозимини тарк этса, Кремлдагилар шампан виносини очади».

Малюк истеъфога чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар январнинг илк кунларида пайдо бўлганди. Бу хабарлар фонида 3 январ куни украиналик таниқли ҳарбий командирлар ва таҳлилчилар ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида бир вақтнинг ўзида Малюкни қўллаб-қувватлаб постлар ёзишди ва у билан ҳамкорликдаги муваффақиятларни эътироф этишди.