Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп АҚШнинг Венесуэла ишларига аралашуви кўпга чўзилиши мумкинлигини айтди
Делси Родригес бошчилигидаги ҳукумат «Американинг айтганини қилмоқда», хусусан, сиёсий маҳбуслар озод этилмоқда. Мухолифат етакчиси Мария Мачадо ҳам мамлакатга қайтмоқчи.
Alicia Vera / Bloomberg / Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп Американинг Венесуэла ишларига аралашуви бир неча йилга чўзилиши мумкинлигини айтди. New York Times газетасига берган интервюсида унинг маъмурияти Жанубий Америкадаги бу мамлакатни бошқаришни қачонгача «назорат қилиши»ни «фақат вақт кўрсатиши»ни айтди.
Трамп Венесуэлада Николас Мадуронинг сафдоши бўлган ва вақтинча президентга айланган Делси Родригес ўрнига янги раҳбар сайланадиган сайловлар ўтказилиши юзасидан аниқлик киритмаган.
Бу вақтда Делсининг акаси, Миллий ассамблея спикери Хорхе Родригес Венесуэла ҳукумати «кўп сонли» маҳбусларни (ҳам венесуэлаликлар, ҳам америкаликлар) озод этишга қарор қилганини маълум қилди.
Родригес бу ҳеч ким билан келишилмаган, фақат бир томонлама яхши ният акти бўлишини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, маҳбусларни озод этиш жараёни аллақачон бошланган.
Айнан кимларни қўйиб юбориш режалаштирилаётгани ҳозирча номаълум, аммо Испания ТИВдагилар Венесуэла аллақачон беш нафар испанияликни озод этганини маълум қилди, улар орасида қўшфуқароликка эга бўлган таниқли ҳуқуқ фаоли Росио Сан Мигел ҳам бор.
Аввалроқ Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес бу қарорни Венесуэла ҳукуматининг «жуда ижобий қадами» деб баҳолаганди.
Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо пайшанба куни Мадуронинг қулаши Венесуэланинг озод бўлишига олиб борадиган ортга қайтмас жараённи бошлаб берганини айтганди.
Трамп Родригесдан мамнун ва Мачадони эътиборсиз қолдирмоқда
Carlos Becerra / Getty Images
Трамп NYT мухбирига АҚШ давлат котиби Марко Рубио Делси Родригес билан доимий алоқада бўлиб турганини айтган, олдиноқ АҚШ президенти Мадуронинг ўринбосари «Америка зарур деб ҳисоблаган барча ишни қилишга тайёрлиги»ни айтганди.
АҚШ президентига кўра, Венесуэланинг вақтинча ҳукумати нефт сотувидан тушган даромадларни фақат Америка томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишга сарфлашга рози бўлган.
NYT журналистлари қайд этишича, Трамп нима учун Родригесни Венесуэланинг янги етакчиси деб тан олгани ҳақидаги саволни очиқ қолдирган.
Кўплаб таҳлилчилар Мадуро ҳокимиятдан ағдарилгач, мухолифат етакчилари Эдмундо Гонсалес Уррутиа ва Мария Корина Мачадо мамлакатга қайтишини кутганди. Бироқ, Трамп Мадуро қўлга олинганидан кейинги биринчи матбуот анжуманида Мачадо ҳақида тўхталиб, венесуэлаликлар уни ҳурмат қилмаслиги ва қўллаб-қувватламаслигини айтди.
«Менимча, у етакчи бўлиши жуда қийин», – деганди у.
Мачадо 2024 йилги президентлик сайловларида мухолифат кучларини бирлаштира олганди, аммо Мадуро ҳукумати унинг номзодини ўтказмаганди. Ўшанда мухолифат унинг ўрнига собиқ дипломат Эдмундо Гонсалесни ўзининг ягона номзоди сифатида илгари сурганди.
Bernat Armangue / AP / Scanpix / LETA
Сайловларда овоз якунланиши биланоқ Венесуэла марказий сайлов комиссияси Мадурони ғолиб деб эълон қилади. Аммо мухолифатчилар ўз ҳисоб-китобларига таяниб, Гонсалес катта фарқ билан устун келганини билдиради. Жаҳоннинг кўплаб демократик давлатлари, жумладан АҚШ ҳам мухолифатчиларни қўллайди ва Мадурони қонуний президент деб тан олмайди.
Гонсалес сайловдан кейинги қатағондан қўрқиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади, Мачадо эса Венесуэланинг ўзида яширинган.
Декабр ойида у амаллаб Ослога етиб келди ва Венесуэлада «демократик ҳуқуқларни илгари суриш бўйича тинимсиз меҳнати» учун берилган Тинчлик учун Нобел мукофотини шахсан қабул қилиб олди.
Мачадо ҳозирда қаерда экани номаълум, аммо унинг ўзи яқин орада Венесуэлага қайтишини айтган.
Мачадо таслим бўлмоқчи эмас
Венесуэла мухолифатчиларининг La Patilla нашрига берган интервюсида Мария Мачадо мамлакатда ўтиш даври «имқон қадар қисқа ва тез» кечишига умид билдирган.
Lars Martin Hunstad / Bloomberg / Getty Images
У муваққат ҳукумат (у буни Мадуро давридаги режимнинг айни ўзи деб атаган) ҳозирда «ўзини демонтаж қилиш бўйича кўрсатмалар олаётгани»ни қўшимча қилган.
Мачадо Эдмундо Гонсалес қонуний сайланган президент эканини эслатиб, унинг ваколатини ҳурмат қилишга чақирган.
У Венесуэлада биринчи навбатда барча сиёсий маҳбуслар озод қилиниши кераклигини алоҳида таъкидлаган.
Мачадо Венесуэланинг машҳур қамоқхоналарида сақланаётган 800 дан ортиқ сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилган ягона шахс эмас.
Чоршанба куни Венесуэла парламенти аъзоси Мария Элвира Саласар ижтимоий тармоқларда уларни зудлик билан озод қилиш талаби акс этган постларни эълон қилди.
Трампнинг хаёли фақат нефтдами?
The New York Times журналистлари қайд этишича, Трамп интервюсида Венесуэланинг келажагини қандай қурмоқчи экани ҳақида эмас, балки Мадуронинг қўлга олиниши ҳақида кўпроқ ва батафсилроқ гапирган.
АҚШнинг Венесуэлага нисбатан режалари ҳақидаги саволга у «биз уни жуда фойдали тарзда тиклаймиз», деб жавоб берган.
«Биз нефтдан фойдаланамиз ва нефтни оламиз. Биз нефт нархини пасайтирамиз ва Венесуэлага жуда зарур бўлган пулни берамиз», – деган у.
Жума куни АҚШ президенти Оқ уйда мамлакатнинг энг йирик учта нефт компанияси вакиллари билан учрашиши ва улар билан Венесуэла бўйича режаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Аввалроқ Оқ уй АҚШ номаълум муддат давомида Венесуэла нефти сотилишини назорат қилишини маълум қилганди.
АҚШ энергетика вазири Крис Райт Венесуэла нефти экспорти устидан назорат – Вашингтонга Каракасдаги муваққат ҳукуматга босим ўтказиш воситаси сифатида зарурлигини таъкидлаган.
Трамп Венесуэла нефт саноатини тиклаш учун кўп вақт керак бўлишини ҳам тан олади.
Венесуэла дунёдаги энг катта нефт захираларига эга, аммо сўнгги йигирма йил ичида уни қазиб олиш ҳажми бир неча баравар камайди. Бунга Николас Мадуро ва унинг ўтмишдоши Уго Чавес давридаги национализация ва самарасиз бошқарув, шунингдек, АҚШ санкциялари сабаб бўлди.
Мавзуга оид
22:40 / 09.01.2026
«Ғарбий яримшар — бизники». АҚШнинг уч асрлик даъвоси яна кун тартибида
22:33 / 09.01.2026
Трамп Путинга сабр-тоқати тугаётгани ҳақида сигналлар юбормоқда – ОАВ
21:18 / 09.01.2026
Трамп Гренландиянинг ҳар бир фуқаросига АҚШга қўшилиши учун 100 минг долларгача тўламоқчи
21:08 / 09.01.2026