Жаҳон | 10:23 / 10.01.2026
900
4 дақиқада ўқилади

ЕИ–Жанубий Америка: эркин савдо келишуви бўйича қарор қабул қилинди

Брюсселда ЕИ мамлакатлари вакиллари учрашувида иштирокчиларнинг кўпчилиги Европа Иттифоқи билан Жанубий Америкадаги Mercosur блоки ўртасидаги эркин савдо келишувини қўллаб-қувватлаб овоз берди.

Фото: REUTERS

Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Жанубий Америкадаги Mercosur иттифоқи (Бразилия, Аргентина, Уругвай, Парагвай) ўртасида эркин савдо келишувини имзолаш келаси ҳафта Парагвайда бўлиб ўтиши керак. Брюсселда ЕИ давлатлари вакиллари учрашувида иштирокчиларнинг кўпчилиги ана шу келишувни қўллаб-қувватлаб овоз берди, деб хабар берди 9 январ куни dpa агентлиги.

Ҳужжат маъқулланиши учун уни камида 27 давлатдан 15 таси қўллаб-қувватлаши ва улар ЕИ аҳолисининг камида 65 фоизини ташкил этиши талаб қилинади. Германия канцлери Фридрих Мерц буни “Европа савдо сиёсатида муҳим босқич” ҳамда ЕИнинг стратегик суверенитети ва амалий салоҳиятига оид “муҳим сигнал” деб атади. Мерц фикрича, ушбу келишув Европа иқтисодиётини ва умуман Жанубий Америка билан савдо алоқаларини мустаҳкамлайди.

Ўз навбатида, Германия вице-канцлери ва молия вазири Ларс Клингбайл АҚШ президенти Доналд Трампнинг божхона сиёсати фонида шундай деди: “Бошқалар ёпилиб, тобора агрессивроқ савдо сиёсати юритаётган бир пайтда, биз янги шерикликларга таяняпмиз”. Аввалроқ Германия ҳукумати ҳам Mercosur билан келишувни қутлаган — чунки у, жумладан, ЕИнинг Хитой билан савдога бўлган қарамлигини камайтиришга қаратилган.

Европаликлар муросага қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшимча ён босиш ҳисобига келган. Илгари ЕИнинг айрим давлатлари, жумладан Италия, Франция ва Полша Mercosur давлатлари билан шартнома имзоланишига қарши чиққан — улар Жанубий Америкада бир қатор асосий маҳсулотлар, хусусан мол гўшти, Европа билан солиштирганда анча арзонлиги сабаб, ўз фермерлари учун салбий оқибатлардан хавотир олган. Шу эътирозларга қарамай, Европа комиссияси (ЕК) ва Mercosur 2024 йил декабрда келишув устидаги ишни муваффақиятли якунлаган.

Бироқ танқидчилар ҳали ҳам Европа фермерлари муросасиз нархлар урушига мажбур бўлиши, Жанубий Америкада эса тропик ўрмонларни кесиш кучайиши мумкин, деб ҳисоблайди, деб эслатади dpa. Қолаверса, озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳайвонот ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича ЕИнинг қатъий стандартлари бузилиши эҳтимоли ҳам тилга олинади. Шу билан бирга, ЕК ЕИга фақат Европа меъёрларига жавоб берадиган маҳсулотлар импорт қилинишини таъкидламоқда.

Mercosur таркибига Боливия ҳам қўшилган, аммо у эркин савдо келишуви афзалликларидан фойдаланишидан олдин ўз қоидаларини мослаштириши керак бўлади. Илгари эса Венесуэла бирлашмадан чиқарилган.

Европа комиссияси (ЕК) 3 сентябр куни Mercosur билан баҳсли бўлиб келган савдо келишувини ратификация қилиш жараёнини бошлади — шартнома матнини расман тасдиқлаб, уни кўриб чиқиш учун ЕИ Кенгашига юборди. “Келишув савдо масалаларидан анча кенг. Бу ЕИнинг икки томонни ҳам мустаҳкамлайдиган иттифоқлар тузишга содиқлигининг намунасидир”, — деган Брюсселда ЕИ ташқи сиёсат хизмати раҳбари Кая Каллас.

ЕИ ва Mercosur давлатлари ўртасидаги музокаралар тахминан 25 йил давом этган. 2019 йилда томонлар принципиал сиёсий келишувга эришган, 2024 йил декабрда эса музокаралар расман якунлангани эълон қилинган. Шартнома дунёдаги энг йирик эркин савдо ҳудудини яратишни кўзда тутади — у 700 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга бозорни қамраб олади. Келишув имзоланса, у жаҳон иқтисодиётининг қарийб 20 фоизини ва жаҳон товар экспортининг 31 фоизидан ортиғини ўз ичига олади.

Еврокомиссия баҳолашича, келишув ЕИнинг Жанубий Америкага йиллик экспортини 39 фоизга (тахминан 49 млрд евро) ошириши ва шу орқали бутун Европа бўйлаб 440 мингдан ортиқ иш ўрнини қўллаб-қувватлаши мумкин. Бундан ташқари, ҳамкорлик йилига 4 млрд евро миқдоридаги божхона тўловларини бекор қилиш имконини беради. Энг катта имкониятлар автомобил саноати, машинасозлик ва фармацевтика соҳасида пайдо бўлиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид