Бош прокуратура Акмал Шукуровнинг апелляция шикоятини кўрган судялар Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Муроджон Мирзажоновнинг босими остида ноқонуний ва адолатсиз ажрим чиқаришганини маълум қилди. Ҳозирда уларнинг барчаси қамоққа олинган.

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судялари Одилбек Илҳомжонов, Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғунова, шунингдек, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Муроджон Мирзажоновга тегишли моддалар бўйича жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Тошкент шаҳар суди раиси собиқ ўринбосари Муроджон Мирзажоновга нисбатан Жиноят кодексининг 231-моддаси 2-қисми, 236-моддаси 2-қисми билан ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг собиқ судялари Одилбек Илхомжонов, Мирзиёд Абидов ва Муҳтарама Турғуновага нисбатан Жиноят кодексининг 231-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган», – дейилади хабарда.

Иш ҳужжатларига кўра, А.Шукуров жуда кўп миқдорда ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш, безорилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларини содир этгани юзасидан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, унга 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи А.Шукуров юқоридаги ҳукмдан норози бўлиб, судга қилган апелляция шикояти апелляция инстанциясининг судялари О.Илҳомжонов, М.Абидов ва М.Турғунова томонидан кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириш, унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш тўғрисидаги хулосага келишган.

Бироқ, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари М.Мирзажонов мансаб мавқейидан фойдаланиб, иш ҳар томонлама, тўла ва холисона кўрилишига тўсқинлик қилиб, суд ишларига аралашиб, судяларга қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиши оқибатида, судялар унинг топшириғи ноқонуний эканини олдиндан била туриб, одил судловни амалга ошириш ва қарор қабул қилишда мустақил бўлсалар-да, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига амал қилмасдан, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилган ҳолда, жазони узил-кесил 3 йил 3 ой муддатга озодликни чеклашга алмаштириб, уни суд залидан қамоқдан озод этиб, оғир оқибатларга сабаб бўлган ноқонуний ва адолатсиз ажрим чиқаришган.