Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи душанба куни Доналд Трампнинг таҳдидларига жавобан Ислом республикаси АҚШ билан урушга ҳам, музокараларга ҳам тайёрлигини маълум қилди. Хорижда ишловчи эронлик ҳуқуқбонлар намойишлар бошидан буён юзлаб кишилар ҳалок бўлганини хабар қилишмоқда ва бу рақамлар аслида минглаб бўлиши ҳам мумкинлиги таъкидланмоқда. Мамлакатда интернет тўлиқ ўчирилгани туфайли якуний рақамларни тасдиқлашнинг имкони йўқ.
Қурбонлар сони ошмоқда
Қароргоҳи Норвегияда жойлашган Iran Human Rights (IHR) ҳуқуқ ташкилоти душанба кунига келиб Эрондаги тўқнашувлар чоғида ҳалок бўлганлар сони камида 648 кишини ташкил этаётгани ҳақида хабар берди.
Ҳуқуқ фаоллари қурбонларнинг асл сони анча каттароқ бўлиши ва олти минг нафаргача етиши мумкинлигини тахмин қилишган, аммо мамлакатда интернет ўчирилгани туфайли ўлим ҳолатлари ҳақидаги кўплаб хабарларни текшириб бўлмаяпти.
28 декабр куни аввалига иқтисодий муаммолар туфайли бошланган намойишлар кўп ўтмай Эрон ҳукмрон режими тарихидаги энг жиддий таҳдидлардан бирига айланди.
Январ ойи бошидан кучишлатар тузилмалар намойишларни куч билан бостиришга киришди. Мухолифатчиларнинг айтишича, расмийлар қатағон кўламини яшириш учун ҳам интернетни ўчиришган.
Сўнгги кунларда мамлакатда режим тарафдорлари ҳам кўчаларга чиқа бошлаган.
АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни Эрон раҳбарияти вакиллари музокаралар ўтказиш таклифи билан алоқага чиққанини маълум қилди. Сўнгги ҳафталарда Трамп бир неча бор АҚШ вазиятга аралашиши билан таҳдид қилганди.
«[Аммо] биз бу учрашувдан олдинроқ бошлаб юборишимизга тўғри келиши мумкин», – деганди Трамп.
«Эрон Ислом республикаси урушга интилмайди, аммо унга тўлиқ тайёр, – деди ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Теҳронда давлат телевидениеси орқали намойиш этилган хорижий элчиларнинг конференциясида. – Биз музокараларга ҳам тайёрмиз, лекин бу музокаралар адолатли, тенг ҳуқуқли ва ўзаро ҳурматга асосланган бўлиши керак».
Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий Арақчи ҳамда Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ўртасида алоқа ўрнатилганини маълум қилган. АҚШ ва Эрон ўртасида дипломатик муносабатлар йўқ – АҚШнинг Эрондаги фуқаролари масалалари билан Швейцариядаги элчихона шуғулланади.
Эронда ўтган ҳафтанинг пайшанба кунидан буён интернет ўчиқ қолмоқда.














