Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венесуэла ҳукумати: қамоқхоналардан 400 дан ортиқ маҳбус озод этилди
Венесуэла расмийси баёнотига кўра, ҳукуматлар томонидан “кўп сонли” венесуэлалик ва хорижий маҳбусларни озод қилиш эълон қилинганидан сўнг, 400 дан ортиқ инсон эркинликка чиққан. Аммо нодавлат ташкилотлар бу рақам анча кам эканини айтмоқда.
Фото: EPA/Shutterstock
Венесуэла қамоқхоналаридан маҳбусларни озод қилиш бўйича аввалроқ эълон қилинган жараён доирасида, 13 январ, сешанба куни мамлакат Миллий ассамблеяси раиси Хорхе Родригес 400 дан ортиқ инсон озодликка чиққани ҳақида маълум қилди. У на аниқ исмларни, на муддатларни айтмади, деб хабар берди Reuters агентлиги.
“Айрим маҳбусларни озод қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу сиёсий маҳбуслар эмас, балки қонун ва Конституцияни бузган, (АҚШнинг Венесуэлага) босқин уюштиришга чақирган айрим сиёсатчилар ҳақида гап кетмоқда”, — деди у парламент сессиясида. Унинг қўшимча қилишича, бу қарор “тинч ҳамжиҳатликка кўмаклашиш” мақсадида қабул қилинган. Reuters эслатишича, бир кун олдин Венесуэла ҳукумати 116 киши озод этилганини билдирган эди.
Шу билан бирга, бир қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи маҳаллий нодавлат ташкилотлар 8 январдан буён Венесуэлада атиги 60–70 нафар маҳбус озод этилганини маълум қилмоқда. Улар ҳукумат ҳаракатларининг секинлиги ва озод қилиш жараёни бўйича аниқ ахборот йўқлигини танқид қилди. Венесуэла ҳукумати эса доимо одамларни сиёсий сабабларга кўра қамоқда ушлаб туришини инкор қилиб келади ва 2024 йилдаги баҳсли сайловларга қарши намойишлардан сўнг ҳибсга олинган 2000 кишининг аксарияти аллақачон озод қилинганини айтган.
Bloomberg агентлиги маълум қилишича, 13 январ куни қабул қилинган дастур доирасида Венесуэла камида бир нафар АҚШ фуқаросини ҳам озод қилган, у аллақачон мамлакатни тарк этган. Хавфсизлик сабабларига кўра унинг исми ошкор этилмаган. Илгари Испания ТИВ эса озод этилганлар орасида беш нафар Испания фуқароси борлигини билдирган эди.
Венесуэла ҳукумати 8 январ куни “кўп сонли” венесуэлалик ва хорижлик маҳбуслар, жумладан, таниқли мухолифат вакиллари озод этилишини эълон қилган. Аммо озод этилганларнинг аниқ сони ва исмлари ҳозирча маълум эмас.
El Nacional газетаси маълумотларига кўра, венесуэлалик мухолиф сиёсатчи Хуан Пабло Гуанипа ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Росио Сан-Мигел озод этилиши кутилмоқда. ОАВ шунингдек, Венесуэла президентлигига собиқ номзод Энрике Маркес, Рафаэл Тударес (мухолиф сиёсатчи Эдмундо Гонсалес Уррутиянинг куёви) ҳам озод қилиниши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. Мухолифат ва халқаро кузатувчилар фикрига кўра, Эдмундо Гонсалес Уррутия сўнгги президентлик сайловларида амалда Николас Мадурони мағлуб этган.
Foro Penal инсон ҳуқуқлари ҳимоя ташкилоти маълумотига кўра, Венесуэлада тахминан 800 нафар сиёсий маҳбус ҳануз қамоқда сақланмоқда. Уларнинг кўпчилиги 2024 йилда Мадуронинг қайта сайланишига қарши намойишлар пайтида ҳибсга олинган.
Венесуэлалик ҳуқуқ ҳимоячиси Марта Тинео айтишича, маҳбуслар “Геликоид” (El Helicoide) номли қамоқхонадан ҳам озод қилинмоқда. Бу муассаса Мадуро режими мухолифларига нисбатан қаттиқ шароитлар ва қийноқлар билан машҳур.
Мавзуга оид
07:20
Жаҳон нефт стандартлари: Венесуэла нефти нега “оғир”?
13:14 / 13.01.2026
Трамп Венесуэла мухолифати етакчиси Мачадони Оқ уйда қабул қилади
14:09 / 12.01.2026
Трамп ўзи Венесуэла президенти сифатида кўрсатилган фотони эълон қилди
07:34 / 12.01.2026