Ўзбекистон | 11:28 / 15.01.2026
1828
2 дақиқада ўқилади

Ҳар куни ўртача 39 минг чақириқ: “103” хизмати статистикаси

Республика тез тиббий ёрдам маркази маълумотларига кўра, 2025 йил давомида мамлакат бўйлаб “103” — тез тиббий ёрдам хизматига жами 14 299 948 та чақириқ келиб тушган. Бу бир кунда ўртача 39 178 та мурожаат дегани.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоит Ғофуровнинг таъкидлашича, келиб тушган чақирувларнинг катта қисми шошилинч кўрсатма билан боғлиқ. Хусусан:

  • 10 218 037 та — шошилинч кўрсатма билан;
  • 3 856 901 та — сурункали касалликлар бўйича;
  • 100 453 та — туғуруқ ҳолатлари.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилда “103” хизматига келган мурожаатлар кунлик ўртача 39 178 тани, яъни бир соатда тахминан 1 632 та, бир дақиқада эса ўртача 27 та чақириқни ташкил этган.

Энг кўп мурожаатлар қайд этилган ҳудудлар:

  • Тошкент шаҳри — 1 462 006 та;
  • Фарғона вилояти — 1 455 255 та;
  • Андижон вилояти — 1 344 151 та;
  • Сурхондарё вилояти — 1 335 614 та;
  • Наманган вилояти — 1 328 391 та.

Энг кам чақириқлар кузатилган ҳудудлар:

  • Навоий вилояти — 416 210 та;
  • Сирдарё вилояти — 456 803 та;
  • Жиззах вилояти — 561 894 та;
  • Бухоро вилояти — 678 499 та;
  • Хоразм вилояти — 688 594 та.

Маълумот ўрнида қайд этилишича, сўнгги 8 йилда “103” хизмати инфратузилмасини кенгайтириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида “103” хизмати шохобчалари сони 818 тадан 1 680 тага, тез тиббий ёрдам бригадалари сони эса 1 648 тадан 2 865 тага етказилган.

Шунингдек, электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилиши ҳисобига бригадаларнинг чақирувга етиб бориш вақти ўртача 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқаргани таъкидланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид