Бир ҳафта муқаддам Instagram юлдузи Виктория Боня Владимир Путинга мурожаатини эълон қилганди: у халқ президентдан қўрқиши, амалдорлар эса реал муаммоларни президентдан яшириши ҳақида гапирганди. Кремл вазминлик билан реакция қилган бўлса-да, Кремл таъсиридаги нашрлар ва блогерлар Боняга ҳужум бошлашди. Телебошловчи Владимир Соловёв Бонянинг асосий мухолифига айланди – блогер аллақачон унинг устидан судга мурожаат қилмоқчи.

BBC воқеалар қандай ривожланганини кўриб чиқди.

Боня ким ўзи?

Боня 2006-2007 йилларда «Дом-2» реалити-шоусидаги иштироки орқали танилган. Кейинроқ у турли кўнгилочар лойиҳаларда суратга тушган ҳамда инстаграмда шахсий блогини ривожлантирган.

Ҳозирда Монакода истиқомат қилувчи блогерни Россияда ушбу ижтимоий тармоқ блокланганига қарамай 13 миллиондан ортиқ обуначи кузатиб боради.

Блогер медиамайдонда турли конспирологик назариялар тарафдори ва самарадорлиги исботланмаган «гўзаллик амалиётчиси» (Beauty Practice) сифатида танилган.

Хусусан, коронавирус пандемияси кучайган вақтда у 5G миноралар зарари ҳамда вакциналар орқали «чиплаштириш» ҳақидаги фитна назарияларининг асосий тарғиботчисига айланганди.

У Путинга мурожаатида нима деганди?

Ўтган ҳафтанинг душанба куни Боня Instagram саҳифасида «халқ номидан» Путинга мурожаат йўллаб, россияликлар президентдан қўрқиши ҳақида гапирганди.

«Владимир Владимирович, сиздан қўрқишади. Халқ сиздан қўрқади, блогерлар, артистлар қўрқади, губернаторлар сиздан қўрқади. Сиз эса мамлакатимиз президентисиз. Биз қўрқишимиз керак эмас деб ўйлайман», – деганди блогер.

Шунингдек, Боня Россия президентидан «яшириладиган муаммолар»ни санаганди. Улар қаторида Доғистондаги сув тошқини, Анапада денгизга мазут тўкилиши, Новосибирск областида чорва моллари йўқ қилиниши, интернет блокланиши, шунингдек, иқтисодий қийинчиликлар келтирилганди.

Боня Путин ва халқ ўртасида «девор урилгани», у эса бу деворни бузиб ўтмоқчилигини айтганди. Шу билан бирга, у президентни қўллаб-қувватлаши ҳамда уни «кучли сиёсатчи» деб ҳисоблашини қистирганди.

Бир ҳафта ичида Бонянинг видеомурожаати қарийб 30 миллион марта кўрилди ва 116 минг мартадан ортиқ репост қилинди.