Телебошловчи Владимир Соловёв блогер Виктория Боняни жонли эфирда ҳақоратлагани учун узр сўради.

Instagram юлдузи бўлган Виктория Боня (унинг 14 миллионга яқин обуначиси бор) ва пропагандачи Владимир Соловёв ўртасидаги можаро блогер 14 апрел куни ўз аккаунтида «халқ номидан» Путинга видеомурожаат эълон қилиши ортидан бошланганди. У «губернаторлардан ҳеч бири айтмайдиган» бешта муаммони санаб, одамлар Путиндан қўрқиши, ўзи эса қўрқмаслиги ҳақида гапирганди. Кремлдагилар Боня айтган масалалар бўйича «иш олиб борилаётгани»ни маълум қилган. Унинг ўзи кейинроқ кўзига ёш олиб, Кремлдагилар унинг мурожаатига эътибор қаратгани учун Путин ва Песковга миннатдорчилик билдирганди.

Бонянинг мурожаати кенг муҳокама қилина бошлагач, Владимир Соловёв ўзининг кечки шоуси эфирида уни «ифлос оғзини очиб, ҳаммаёқни ифлослантирмаслиги керак бўлган» «сийқаси чиққан фоҳиша» деб атаганди. Давлат думаси депутати Виталий Милонов ҳам унга қўшилиб, Боняни «саводсиз блогер» ва «эскорт» деб атаганди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳақоратли сўзлар учун Соловёвни кескин танқид қилган, блогернинг ўзи эса сунъий интеллект орқали ясалган роликни эълон қилганди – унда Боня Ўргимчак одам қиёфасида Соловёв, Милонов ва Артемий Лебедевга қарши курашаётгани акс этади. У пропагандачиларни судга беришини айтганди.

Амалда эса Боня 28 апрел куни Соловёв эфирида меҳмон бўлди.

Узр сўраш ва Путиннинг ёнини олиш

Эфир Боня оёғидаги оғриқдан шикоят қилиши билан бошланди, у буни стресс билан изоҳлаган. «Буни менинг айбим деб ҳисоблаймиз», – деган Владимир Соловёв.

Кейин эса Боня жамоатчилик эътибори унинг Путинга мурожаатига эмас, Соловёв билан можаросига бурилиб кетганини қайд этган:

Мен ўз ҳис-туйғуларим ва одамларнинг менга ёзганлари ҳақида Путинга мурожаат ёздим. Муҳими, улар ўз муаммолари унутилмаганини тушуниши керак. Менда ҳеч қандай сценарий бўлмаган, ҳеч ким менга пул тўламаган. Мени ҳақорат қилганингиз учун узр сўрашингизни истардим. Сиз [Италия бош вазири Жоржиа] Мелонидан ҳам узр сўрашингиз керак.

Телебошловчи эса ундан айтган сўзлари (Украина президенти Володимир Зеленский томонидан «юборилган жосус» ва «сийқаси чиққан фоҳиша») учун узр сўраган. Соловёвнинг айтишича, унинг бу қадар ҳиссиётга берилишига Боня ўз мурожаатида муаммоларни кўтаргани эмас, балки унинг кириш сўзлари сабаб бўлган – Instagram юлдузи мурожаатини қуйидаги ибора билан бошлаганди: «Владимир Владимирович, сиздан қўрқишади. Халқ сиздан қўрқади, блогерлар, артистлар қўрқади, губернаторлар сиздан қўрқишади».