Ички ишлар вазирлиги тизимида тозалашлар бугун ҳам давом этди. Туман ҳокими ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш департаментига раҳбар бўлди. Энди сим-карталарда пули қолмаганда ҳам рақамлар 1 йилгача ўчиб кетмайдиган бўлади. Давлат хизматлари марказлари минглаб фуқароларга қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб бергани маълум бўлди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

ИИВда рокировкалар

Вазирнинг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи Аюбхон Раҳматуллаев лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини шу кунга қадар фавқулодда вазиятлар вазири бўлган Ботир Қудратхўжаев эгаллади.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи Даврон Назармуҳамедов ҳам лавозимидан олиниб, унинг ўрнига Президент администрациясида ишлаб келган Диёрбек Сатторов тайинланди.

Амалда Миллий гвардияни бошқариб келган Рустам Жўраев ҳам ИИВ раҳбарига ўринбосар бўлди. У айни пайтда вазирликнинг Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ҳам ҳисобланади.

Бу лавозим ўтган йил декабрида Бекмурод Абдуллаев ишдан олинганидан буён бўш турганди. Маълумот учун Бекмурод Абдуллаев 180 млрд сўмдан ошиқ давлат маблағини талон-торож қилганликда айбланиб қамоққа олинган.

Шунингдек, ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига Рустам Мирзаев тайинланди. У бунга қадар Президент администрациясида ишлаган.

Яна бир муҳим янгилик туман ҳокимининг қамоқхоналарни назорат қиладиган ташкилотга бошлиқ этиб тайинланиши билан боғлиқ. Тошкент шаҳри, Олмазор тумани ҳокими Азизхон Умархонов президент фармойиши билан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи этиб тайинланди. Умархонов 2000 йилда ИИВ академиясини тамомлаган ва шундан кейин узоқ йиллар тизимда фаолият юритган. 2020 йилда ИИВ Жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. 2021 йил август ойида Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокими сифатида иш бошлаган эди.