Ўзбекистон | 13:54 / 30.01.2026
2395
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек дипломатлари Пенсилваниядаги вақтинча сақлаш марказига ташриф буюрди

Хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида АҚШдаги ўзбекистонлик дипломатлар Пенсилвания штатидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказида бўлиб, у ерда сақланаётган ватандошлар билан консуллик суҳбатлари ўтказди. Ташриф давомида уларнинг яшаш шароити, соғлиги ва ҳуқуқий масалалари ўрганилди.

Хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида АҚШдаги ўзбекистонлик дипломатлар Пенсилвания штатининг Мошаннон Воллей округида жойлашган чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Дипломатлар марказда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан консуллик суҳбатлари ўтказиб, уларни сақлаш ва овқатлантириш шароитлари, саломатлиги ҳамда бошқа маиший жиҳатларини ўрганди. Шунингдек, ватандошларга консуллик ва ҳуқуқий масалалар бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.

Учрашувларда марказда сақланаётган фуқароларнинг аксарияти уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича суднинг якуний қарори қабул қилинганини билдирган. Қайд этилишича, бу жараён учун зарур ҳужжатлар тайёрлиги ҳамда Ўзбекистоннинг консуллик муассасалари томонидан расмийлаштирилгани маълум қилинган. Ватандошлар дипломатларнинг ташрифини ўзларининг Ўзбекистон ҳимоясида эканини тасдиқловчи муҳим қадам сифатида баҳолаб, кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирган.

Шу билан бирга, айрим фуқаролар бўйича суд жараёнлари ҳали давом этаётгани айтилди. Ушбу шахслар оиласини соғинганини билдириб, яқинлари бағрига тезроқ қайтиши учун амалий ёрдам сўраган.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхонаси ўз ваколатлари доирасида фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш масалалари бўйича хорижий томонлар билан тегишли музокаралар ўтказишга, шунингдек зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.

Маълумотда АҚШнинг иммиграция сиёсатидаги сўнгги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, хориждаги Ўзбекистон фуқароларига яна бир бор ўзлари бўлиб турган мамлакат ҳудудида қонуний яшаш, маҳаллий қонунчиликка қатъий риоя қилиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тийилиш тавсия этилди.

Зарурат туғилганда Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхоналари билан қуйидаги алоқа воситалари орқали боғланиш мумкин: Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси (Консуллик бўлими) - телефон: +1 (202) 887-5300. Электрон почта: [email protected]. Ўзбекистоннинг Ню-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси: телефон: +1 (212) 754-7403. Электрон почта: [email protected].

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид