Англия: «Тоттенҳэм» сардорининг қизил карточкаси ҳал қилди

«Манчестер Юнайтед» – «Тоттенҳэм»
Голлар: Мбемо, 38 (1:0). Бруну Фернандеш, 81 (2:0)
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Мартинес, Шоу (Мазравий, 87), Далот, Каземиро (Угарте, 87), Майну (Флетчер, 90+2), Бруну Фернандеш, Куня (Шешко, 75), Диалло, Мбемо (Зиркзе, 87)
«Тоттенҳэм Ҳотспур»: Викарио, Ромеро, ван де Вен, Палиня (Биссума, 80), Галлаҳер (Тел, 80), Сарр, Удожи (Соуза, 55), Грэй, Симонс, Одобер (Дрэгушин, 32), Соланке (Коло Муани, 80)
Огоҳлантиришлар: Диалло, 45 – Удожи, 27. Палиня, 70
Четлатиш: Ромеро, 29

Яхши формага кириб олган «МЮ» (қаторасига уч ғалаба) асосий таркибни ўзгартирмаяпти. Кэррик яна Шешкони захира ўриндиғида қолдирди, ҳужум марказида эса Куня ва Мбеумо алмашиб ҳаракат қилишди. Уларнинг иккинчиси ҳимояланишда чап қанотни ёпмоқда, тўпга эгалик қилинганида эса ҳужум вакилларидан исталган бири олдинда очилиши мумкин. Футболчиларнинг бундай жойлашувида «МЮ» дастлабки 15 дақиқаликда «Тоттенҳэм»дан яхшироқ кўринди ва жамоада бир неча яхши ҳужумлар уюштирилди.

Кейин эса «Тоттенҳэм» ҳам олдинга ўтди ва қайсидир дақиқаларда тўп Ламменс қўриқлаётган дарвоза атрофидан кетмай ҳам қолди. Аммо ўйин тақдирини Ромеро ишлатган фол ҳал қилди. «Тоттенҳэм» сардори тўпга ўйнашга ҳаракат қилиб, бутсасининг остки қисми билан Каземиронинг тўпиқ қисмига зарба бериб юборди. Ўйин бош ҳаками Майкл Оливер шу заҳоти чўнтагидан қизил карточкани чиқарди.

VAR вазиятга аралашмади, аммо барчаси яққол кўриниб турганди: зарбадан кейин Каземиронинг оёғи қайрилиб ҳам кетганди. Ромеро АПЛнинг бу мавсумида аллақачон икки қизил карточка олган илк футболчига айланди. Аргентиналик ҳимоячи декабрда «Ливерпул»га қарши ўйинда икки сариқ карточка олиб, майдондан четлатилганди.

Бу эпизоддан кўп ўтмай «МЮ» ҳисобни очди. Бу гол бурчак зарбасини олдиндан режалаштирган ҳолда ижро этиш орқали амалга оширилди. Майну дарвозанинг яқин устуни олдида турганча ўзига келган тўпни бир тегинишда жарима майдони марказига йўналтирди, у ерда бўш турган Мбеумо ерлатиб аниқ зарба йўллади. Бу «қизил иблислар» учун жорий мавсумда бурчак зарбалари орқали урилган саккизинчи голга айланди.