Жаҳон | 10:27 / 12.02.2026
2623
3 дақиқада ўқилади

Рютте: Трамп Украинада нима бўлаётганини тўлиқ англаб турибди

НАТО бош котиби Марк Рютте Доналд Трамп Украинадаги вазиятни “тўлиқ англаб турибди”, деди. Бироқ у Киевга ташрифидан кейин Трамп билан айнан нима ҳақида гаплашгани ва Вашингтон қандай хулосага келгани ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Фото: Mandel Ngan/AFP/Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинадаги “даҳшатли вазият”ни “тўлиқ англаб турибди”, деди НАТО бош котиби Марк Рютте 11 феврал, чоршанба куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида. У DW'нинг “Америка маъмурияти Украинага бўлаётган босимнинг ҳозирги кўламини тушуняптими?” деган саволига шундай жавоб берди.

Бу саволга ва қўшимча равишда — Рютте Украинага сафари пайтида кўрганларини Трамп билан муҳокама қилганми ва қандайдир фикр-мулоҳаза олганми, деган саволга ҳам икки марта “ҳа” деб жавоб қайтарди. Аммо у улар нималар ҳақида гаплашганини “ҳеч қачон ошкор қилмаслиги”ни таъкидлади. Бош котибнинг айтишича, АҚШда Украинада нима бўлаётгани ҳақида “мутлақ аниқлик” бор, Рютте ва Трампнинг мунтазам суҳбатларида улар “нима бўлаётгани” ва “нима кўраётгани” ҳақида ахборот алмашиб туради. “Бу бизнинг доимий мулоқотларимиз бир қисми”, — деб қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Рютте Украина сафари якунлари бўйича Трампга айнан нима деганини ва АҚШ президентининг реакцияси қандай бўлганини аниқ айтмади. У, шунингдек, бу муҳокамалар Вашингтоннинг Украинага келгусидаги қўллаб-қувватлаш масаласидаги позициясига таъсир қилган-қилмагани ҳақида ҳам маълумот бермади.

Бу қишда, НАТОнинг юқори лавозимли амалдорлари баҳоси бўйича, Россия Украина шаҳарлари ва муҳим инфратузилмага ҳужумларни сезиларли даражада кучайтирган. Умуман олганда, 2025 йилда РФ тахминан 55 000 та ҳужумкор дронни учирган — бу 2024 йилга нисбатан тахминан 5 баравар кўп.

Брюсселдаги брифингда алянснинг юқори лавозимли вакили Украина энергетикасидаги вазиятни ўта хавотирли деб атади ва Россия ҳарбий жиҳатдан “кам аҳамиятга эга ёки умуман аҳамиятга эга бўлмаган” фуқаролик энергетика объектларига зарбалар беришда давом этаётганини қайд этди.

НАТОнинг бошқа бир юқори лавозимли амалдори “Россия ҳужумининг сусайиши кузатилмаяпти”, деб билдирди ва баллистик ҳамда қанотли ракеталар, шунингдек узоқ масофали дронлар қўлланган ҳаво ҳужумлари кучайганини айтди. Бу ҳужумлар аҳолини электр ва иссиқликдан маҳрум қилиш, шунингдек транспорт ва турар жой ҳудудларига зарба беришга қаратилган. НАТО маълумотларига кўра, 2025 йил давомида фронторти ҳудудларга ракеталар ва дронлар билан қилинган ҳужумлар сони икки баравардан кўп ошган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид