Ўзбекистон | 18:38 / 21.02.2026
1899
2 дақиқада ўқилади

Зарур стаж ва малака тоифасига эга педагогларга ипотека кредитлари бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади

Субсидия олиш учун келиб тушган аризалар subsidiya.idm.uz электрон платформаси орқали инсон омилисиз кўриб чиқилади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidyplatform.mf.uz тўлов платформаси орқали автоматик тарзда тўлаб берилади.

Фото: marifat.uz

Вазирлар Маҳкамасининг «Олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 15 йил иш стажига эга бўлган олий малака тоифадаги педагогларга ипотека кредитлари бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади. 

Ҳужжатга кўра, 2026 йилдан бошлаб камида 15 йил педагогик иш стажига ва олий малака тоифасига эга бўлган педагогларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари бошланғич бадалининг 25 фоизини қоплаб бериш учун давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби жорий этилади.

Субсидия олиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади ҳамда ушбу жараёндаги барча хизматлар бепул кўрсатилади. Аризалар subsidiya.idm.uz электрон платформаси орқали инсон омилисиз кўриб чиқилади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidyplatform.mf.uz тўлов платформаси орқали автоматик тарзда тўлаб берилади.

Мазкур қарор билан тасдиқланган тегишли низомга асосан субсидия ариза берувчининг рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) доирасида қурилган уй-жойлар учун йўналтирилади.

Педагоглар субсидия олиш учун давлат хизматидан фойдаланиш учун тегишли сўровномани ЯИДХП орқали электрон тарзда ёки Давлат хизматлари марказига келган ҳолда Марказ ходими орқали тўлдириши мумкин.

Сўровномада кўрсатилган маълумотлар масъул ташкилотларнинг ахборот тизимлари орқали белгиланган ижтимоий мезонларга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги бўйича автоматик равишда текширилади.

Баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, ариза берувчига субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги электрон QR код қўйилган хабарнома бир иш куни ичида Давлат хизматлари марказига ва ЯИДХПдаги шахсий манзилига юборилади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид