«Реал»да мағлубият, «Сити»да қийин ғалаба. Кун ўйинлари
|16:03 / 22.02.202619 82414 мин
Памплонадаги сенсациядан кейин «Барселона» биринчи ўринга қайтиши мумкин, ғалабали серия қайд этаётган «Сити» «Арсенал» билан орадаги фарқни қисқартирди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
«Челси» аутсайдерга қарши ўйинда осон ғалабага эришиши кутилганди, аммо жамоа ўз одатига кўра йўқ жойдан ўзига муаммо туғдирди. Жоао Педронинг ўйин стартидаги тезкор голи ғалаба учун етарли бўлиши мумкин эди, аммо иккинчи бўлим ўрталарида Фофана иккинчи сариқ карточкасини олиб, барчасини барбод қилди.
Сон жиҳатдан кўпчилик бўлиб қолганидан кейин «Бёрнли» олдинга ўта бошлади. Ҳужумлар борган сари хавфли тус олди ва ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Флеммингнинг бош билан йўллаган зарбаси Санчесни ожиз қолдирди. Лондонликлар АПЛда ҳисобда олдинда борган ўйинларида йўқотилган очколар сони бўйича яққол етакчи (17). «Челси» бу борада ҳозиргидан ёмонроқ кўрсаткични 1995/96 йиллар мавсумида қайд этган (20 очко).
«Астон Вилла» феврал ойида қаторасига учинчи уй ўйинида ютқазишига сал қолди (Англия Кубоги ўйини ҳам қўшиб ҳисобланганда). Қаторасига иккинчи бор ўз номини таблога ёздириб қўйган Абраҳамнинг голи бўлмаганида Эмилиано Мартинеснинг мақтанчоқлиги жамоага ҳозиргидан анча қимматроққа тушган бўларди. Аргентиналик дарвозабон рақиб жарима зарбаси ижро этаётганида жонли девор ўрнатмади ва Штаҳнинг яқин бурчагига йўлланган зарбасини ўтказиб юборди. Унаи Эмери жамоаси шунча йўқотишларга қарамай, ҳамон учинчи ўринда ва энг яқин таъқибчиси «Челси» билан олти очколик фарқни сақлаб қолмоқда. Аммо бу турдаги ўйинини душанба куни ўтказадиган «МЮ» ғалаба қозонадиган бўлса, бирмингҳэмликларга уч очколик масофада яқинлашиб олиши мумкин.
«Манчестер Сити» ва «Нюкасл» бу мавсумда бир-бири билан ўйнашдан зерика бошлади. «Шаҳарликлар» яқинда Англия лигаси кубоги яримфиналида «қарғалар»ни икки ўйинда ҳам мағлуб этиб (2:0, 3:1), мавсумнинг биринчи даврасидаги мағлубият учун реванш олишганди. Олдинда Англия кубогининг нимчоракфиналида ҳам яна бир тўқнашув кутмоқда.
Шанба оқшомидаги ўйинда эса мезбонлар биринчи навбатда «Арсенал» билан пойга ҳақида ўйлашаётганди, «канонирлар» ҳафта ўртасида 31-турдан кўчирилган ўйинда аутсайдер «Вулверҳэмптон»га қарши ўйинда икки гол устунлигини бой бериб (2:2), турнир жадвалида интрига юзага келганди.
«Этиҳад»даги биринчи бўлимда кутилмаган номлар қаҳрамонга айланди. «Қарғалар» сафида сўнгги икки мавсумда гол урмаган ҳимоячи Ҳолл олис масофадан йўллаган зарбаси билан Доннаруммани доғда қолдирди. Аммо унинг голидан олдин ва кейин рақиб яримҳимоячиси О'Райли биттадан гол урди.
Мезбонларнинг ҳужумчилари эса бу голларда ассистент вазифасини бажаришди. Мармуш томонидан ривожлантирилган қарши ҳужум Никонинг жарима майдони чизиғи олдидан йўллаган аниқ зарбаси билан якунланди, Ҳоланд эса қанотдан унинг бошига тўп ошириб берди.
Эрлингнинг ўзи майдонни голсиз тарк этди, лекин ҳимояда бир неча бор фойдали ҳаракатлари билан ёдда қолди. Жумладан, ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда бурчак зарбаси ижро этилганида тўпни узоқлаштирди ва ўз ҳаракати учун Доннаруммадан миннатдорчилик сўзларини қабул қилиб олди. «Сити» ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва «Арсенал» билан орадаги фарқни икки очкогача қисқартирди. Чемпионлик пойгаси авжига чиқмоқда.
Алаба ва Карваҳал анчадан буён бошланғич таркибга киритилган ўйиннинг биринчи бўлимида «Реал» ҳеч бир жабҳада рақибдан устунлик қила олмади. Аксинча, «Осасуна» яхшироқ ҳаракат қилди ва таблода ноллар сақланиб қолиши фақат Куртуанинг саъй-ҳаракатлари туфайли бўлди. У Будимирнинг яқин масофадан бош билан йўллаган зарбасини ҳам қайтара олди.
Аммо кейинги дуэл хорватиялик тўпурар фойдасига якунланди. Ҳолбуки бу вазиятда ҳакам аввалига симуляция учун ҳужумчига сариқ карточка кўрсатганди.
Видеотакрордан кейин эса қарор ўзгарди ва рефери 11 метрлик жарима зарбасини белгилади, пеналтини эса жабрланувчининг ўзи аниқ ижро этди.
Бу фол мадридликлар учун аламли бўлди, чунки бу эпизодда Раул Асенсио тўпни узоқлаштиришга улгурган ва дарвозабоннинг ҳаракати ортиқча эди. Қолаверса, бу эпизод мадридликлар ўйин тизгинини қўлига ола бошлаган, Мбаппе ва Алаба кетма-кет зарбалар бериши ортидан рўй берди.
Ҳисобни очган Анте Будимир энди ўз клуби тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди, бундан ташқари, у ўз жамоасининг XXI асрда «Реал» дарвозасига энг кўп гол урган футболчисидир (4). Аммо форварднинг саъй-ҳаракатлари ғалаба учун етарли бўлмаслиги мумкин эди. Мадридликлар иккинчи бўлимда ташаббусни ўз қўлига олишди, Валверде эса захирага олинишидан олдинроқ Винисиусни голли пас билан таъминлашга улгурди. Бундан илҳомланган қаймоқранглилар рақибни таслим этишга ҳаракат қилишди – Мбаппенинг яқин масофадан йўллаган зарбасини ҳимоячи Хави Галан дарвоза чизиғи яқинида тўхтатиб қолди.
Бу дақиқаларда мезбонлар тўлиқ куч билан ҳимояланишаётган ва дуранг ҳисобни сақлашга ҳаракат қилишаётганди. Аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда барчаси ўзгариб кетди. Себалоснинг майдон маркази бўйлаб берган узатмасидан кейин рақиб тўпни олиб қўйди ва қарши ҳужум бошлади, Раул Гарсия жарима майдони ичида финт билан Асенсиони газонга йиқитди ва яқин масофадан зарба берди, бу вазиятда Куртуада имкон йўқ эди.
Аввалига гол офсайд ҳолати туфайли бекор қилинганди, аммо VAR ҳакамнинг хатосини тузатди – Асенсио офсайд чизиғини ушлай олмаганди.
Памплонада йиғилган мухлислар ўз севимли жамоасининг 2011 йилдан буён илк ғалабасига гувоҳ бўлишди. Алваро Арбелоа эса «Реал» бошқарувидаги дастлабки 10 ўйинидан (барча турнирлар доирасида) учтасида ютқазди, бунақаси охирги бор Хулен Лопетеги билан кузатилганди.
Энди «Барселона» якшанба куни «Леванте»ни мағлубиятга учратадиган бўлса, яна биринчи ўринга қайтиши мумкин.
«Лечче» чемпионат пешқадамига кутилганидан жиддийроқ қаршилик кўрсатди, аммо бу сафар ҳам Димарко ижро этган стандарт вазиятлар «Интер»нинг жонига ора кирди. Шанба куни унинг бурчакдан оширган тўпини жарима майдони марказида бўш турган Мхитарян дарвоза тўрига йўллади. Эндиликда нерадзуррилар гол билан якунланган корнерлар (15) бўйича топ-5 лигаларда яққол пешқадам.
Димарконинг ўзи кейинроқ янада қулайроқ вазиятда туриб гол уролмади: унинг дастлабки зарбасини дарвозабон Фалконе қайтарди, қайтган тўпга зарба берганида эса ҳимоячи чизиқ устида тўпни қайтариб юборди. Федерико барибир жамоасига ёрдам беришда давом этди ва унинг бурчакдан оширган навбатдаги узатмасини Аканжи голга айлантирди – ҳимоячи учун бу чемпионатнинг жорий мавсумидаги ўн учинчи ассистга айланди. Кристиан Киву А Серия турнир жадвалида яққол пешқадамлик қилмоқда ва скудетто учун асосий даъвогарлигича қолмоқда.
Словениянинг «Целе» клубини доминантга айлантирган Алберт Риера ўз фаолиятидаги янги босқични жуда яхши бошлади. Испаниялик собиқ футболчи «Айнтрахт» бошқарувида Бундеслигадаги илк ўйинида Берлинда «Унион»га қарши дурангга эришди (1:1), уйда эса Менҳенгладбаҳнинг «Боруссия» клуби йирик ҳисобда тор-мор этилди (3:0). Аммо «Бавария» – бошқа даражадаги жамоа эди ва мюнхенликлар биринчи бўлимда тўрт дақиқа ичида стандарт вазиятлардан иккита гол уришди. Мураккаб тарзда ижро этилган биринчи бурчак зарбасини Павлович қайтариб бўлмас зарба билан якунлади, навбатдаги корнер вақтида эса Станишич тўпни қулай вазиятда турган Кейнга етказди.
Иккинчи бўлимда Ҳарри дублни расмийлаштирди, лекин «бургутлар» таслим бўлишмади. Аввалига ноябр ойидан буён илк бор майдонга қайтган Буркард биринчи жавоб голини урди, кейин жамоанинг қишдаги харидларидан бири Калимуэндо ҳисобни янада қисқартирди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда меҳмонлар ҳисобни тенглаштириши ҳам мумкин эди, аммо Гётценинг зарбасидан кейин тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.