Жаҳон | 14:49
880
4 дақиқада ўқилади

Axios: Зеленский РФ билан урушни йил охиригача тугатишга умид қилмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленский билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида Россиянинг урушини имкон қадар тезроқ тўхтатишга эришиш истагини билдирган. 

Фото: Tom Brenner/AFP/Getty Images

Бу ҳақда 26 феврал, пайшанба куни Axios нашри украин амалдори ва суҳбат мазмунидан хабардор бўлган яна икки манбага таяниб ёзди. Axios’га кўра, барча уч манба президентлар суҳбатини «жуда дўстона ва ижобий» деб баҳолаган.

Нашр суҳбатдошларидан бирининг айтишича, суҳбат давомида Зеленский Украинадаги уруш 2026 йилда тугашига умид билдирган. Бунга жавобан Трамп уруш жуда узоқ давом этаётганини айтган ва уни бир ой ичида тугатишни хоҳлашини билдирган.

Манбалар маълумотига кўра, телефон суҳбати чоғида Зеленский Трампга Украинага кўрсатаётган барча ёрдами учун миннатдорлик билдирган ва фақат АҚШ президенти Путинни урушни тўхтатишга мажбур қила олишини айтган. Трамп эса ўз навбатида Россия билан эҳтимолий тинчлик келишуви доирасида Украинага АҚШ томонидан сезиларли хавфсизлик кафолатлари беришга тайёрлигини тасдиқлаган.

Аввал хабар қилинганидек, 25 феврал куни Зеленский билан Трамп ўртасидаги телефон суҳбатида АҚШ, Украина ва Россия ўртасидаги музокара жараёни ҳам муҳокама қилинган. «Женевада вакилларимиз икки томонлама учрашувда ишлайдиган масалалар ҳақида, шунингдек музокара гуруҳларининг кейинги учрашувига тайёргарлик ҳақида — уч томонлама форматда тўлиқ таркибдаги навбатдаги учрашув март ойининг энг бошида бўлиши ҳақида гаплашдик», — деб ёзган Украина президенти шу куни кечқурун ўзининг Telegram каналида.

Зеленский айтишича, у Украина ва РФ ўртасидаги навбатдаги учрашув «лидерлар даражасидаги музокараларга ўтиш имконини бериши»га умид қилмоқда ва Трамп ҳам қадамларнинг бундай кетма-кетлигини қўллаб-қувватлайди.

Ушбу 30 дақиқалик суҳбат АҚШ ва Украина президентларининг январ охирида Давосда бўлиб ўтган учрашувидан кейинги биринчи мулоқоти бўлди.

Женевада 26 феврал, пайшанба куни АҚШ ва Украина делегацияларининг янги музокаралар раунди бошланди. Украина делегациясига Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров, АҚШ делегациясига эса президент махсус вакили Стивен Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер раҳбарлик қилмоқда.

Вашингтон Украинадаги урушни июн ойигача якунламоқчи, деб 7 феврал куни Украина президенти ОАВ билан мулоқотда айтган. «Америкаликлар томонларга урушни шу ёз бошигача тугатишни таклиф қилмоқда ва эҳтимол айнан шундай жадвал бўйича томонларга босим ўтказади. Нега айнан шу ёзгача? Тушунамизки, Америкадаги ички масалалар ҳам таъсир қилади ва улар учун янада долзарб бўлиб боради, — дея Зеленскийнинг сўзларини келтирган “Укринформ” агентлиги. — Уларда эҳтимол бошқа устувор йўналиш пайдо бўлади — Конгресс. Ва биз тушунамизки, улар барча вақтини ички жараёнларга ажратади».

АҚШда сайловолди кампанияси бошланиши ёз бошида кутилмоқда. Шу билан бирга, Украина президенти урушни июн ойигача тугатиш бўйича режа амалга ошмаса ҳам, Вашингтон музокара жараёнидан чиқиб кетади, деб кутмаётганини айтган.

Оқ уй таклиф қилган режани Киев ва Москва қабул қилмаса, АҚШ Украинада тинчликка эришиш бўйича музокаралардан чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида 2025 йил апрел охирида АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс баёнот берган эди. Унинг айтишича, «ё улар келишиши керак, ё Қўшма Штатлар бу жараёндан чиқиб кетиши керак» ва «ҳудудий ён беришлар зарур». У таъкидлашича, ҳам Украина, ҳам Россия ҳозир назорат қилаётган ҳудудларининг бир қисмидан воз кечишига тўғри келади.

https://www.dw.com/ru/axios-zelenskij-nadeetsa-zakoncit-vojnu-do-konca-goda-tramp-hocet-cerez-mesac/a-76140138

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид