Қонунчиликка мувофиқ, “Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси тадбиркорларга хизмат кўрсатиш тизимини соддалаштириш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутади. Ушбу механизм орқали тадбиркорлар турли давлат идораларига алоҳида-алоҳида мурожаат қилиш ўрнига, зарур хизматларни бир жойнинг ўзида олиш имконига эга бўлади.
Лойиҳа доирасида Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган масъулияти чекланган жамият томонидан бошқариладиган “Бизнес ҳамроҳ” марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Марказларда тадбиркорлик фаолиятига оид давлат хизматлари билан бир қаторда айрим хусусий хизматлар ҳам “ягона дарча” асосида тақдим этилади.
Дастлабки босқичда “Бизнес ҳамроҳ” марказлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек ҳар бир вилоят марказида 1 тадан ташкил этилиши белгиланган. Кейинчалик лойиҳани босқичма-босқич кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Мазкур ташаббус тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш жараёнларини тезлаштириш, маъмурий тўсиқларни камайтириш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган.

















