Иқтисодиёт | 09:53 / 02.03.2026
1294
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё тадбиркорлари Полшада Савдо уйи очиши мумкин

Қашқадарё вилояти делегациясининг Полшага амалий ташрифи доирасида Вроцлав шаҳрида ўтказилган ўзбек-поляк бизнес-форумида воҳа тадбиркорларининг Полшада Савдо уйи очиши мумкинлиги маълум қилинди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” АА хабар беришича, форум давомида Полшанинг Maxitrade Sp. z.o.o. компанияси Қашқадарё тадбиркорлари билан ҳамкорликда мамлакат ҳудудида Савдо уйини ташкил этишга тайёрлигини билдирди. Мазкур ташаббус ўзбек маҳсулотларини Европа бозорларига олиб чиқиш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ташриф доирасида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва ишбилармон доиралари вакиллари Полшанинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган ҳудудларидан бири — Қуйи Силезия воеводалигида музокаралар ўтказди. Учрашувларда ҳудуднинг энергетика, кимё саноати, қурилиш материаллари ва тўқимачилик соҳаларидаги салоҳияти тақдим этилди.

Шунингдек, EnHive компанияси Қашқадарё экспортчиларига Европа бозорларига чиқишда амалий кўмак бериш истагини билдирди.

Ташрифнинг амалий натижаси сифатида, Қашқадарёнинг Jaxs metal master МЧЖ ва Полшанинг Soda Pluss компаниялари ўртасида Ўзбекистонда гастрономия жиҳозлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди. Полшалик мутахассислар апрел–май ойларида лойиҳани якуний босқичга олиб чиқиш мақсадида Қашқадарёга ташриф буюради.

Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни изчил давом эттириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид