4-6 март кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 2-тур ўйинлари ўтказилди.

СУРХОН 0:3 НЕФТЧИ

Голлар: Стипе Перица, 40 (0:1), Стипе Перица, 48 (0:2), Йован Жокич, 73 (0:3)

Амалдаги чемпион «Нефтчи» бу сафар ҳам ишончли ўйин намойиш этиб, сафарда «Сурхон»ни 3:0 ҳисобида енгди. Исломбек Исмоилов шогирдлари 1-турда ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонган эди. «Нефтчи» мусобақа жадвалида тўплар нисбатига кўра пешқадамлик қилмоқда. Фарғоналикларнинг хорватиялик ҳужумчиси Стипе Перица 3 та гол билан чемпионат тўпурарлари рўйхатини бошқариб турибди.

MAШЪАЛ 0:2 ЛОКОМОТИВ

Голлар: Анзур Исмоилов, 44 (0:1), Қувончбек Абраев 45+1 (0:2)

Четлатиш: Роман Хаджиев, 90+4 (Машъал)

Иккинчи ўринга кутилмаганда «Локомотив» кўтарилиб олди. «Темирйўлчилар» ўтган мавсумда Про-Лигада қийинчилик билан ғалаба қозониб, Суперлигага қайтган эди. Бош мураббий Мирко Йеличич мавсумлар оралиғида яхши таркиб тўплаган кўринади - дастлабки 2 турда ғалабага эришди. Бу гал сафарда «Машъал» мағлуб этилди. Голлардан бирига 40 ёшида ҳам навқирон Анзур Исмоилов муаллифлик қилди.

ҚЎҚОН-1912 1:2 ПАХТАКОР

Голлар: Достон Ҳамдамов, 49 (0:1), Пётр Паржишек, 56 (0:2), Тома Табатадзе, 90+5 пен (1:2)

«Пахтакор» ҳам мавсумни ишончли тарзда 2 та ғалаба билан бошлади. Тошкентликлар Қўқонда қийин ўйин ўтказди, бироқ 3 очко билан қайтадиган бўлди. Мезбонлар учун вазият яхши эмас – улар дастлабки 2 та ўйинда ҳам мағлубиятга учради.

НАВБАҲОР 0:1 БУХОРО

Гол: Велко Филипович, 73 (0:1)

«Бухоро» мавсум стартининг «кашфиёт»ларидан бири бўлди. Ўтган мавсумда Суперлигада аранг «жон сақлаб» қолган жамоа йилни яхши бошлади. 2 та ўйин – 2 та ғалаба. Бу бухороликларнинг сўнгги 15 йилдаги энг яхши натижаси. Александр Хомяков шогирдлари бу сафар Тимур Кападзе қўл остидаги «Навбаҳор»ни енгди ва пешқадамлар сафида бормоқда.

СЎҒДИЁНА 0:2 НАСАФ

Гол: Ойбек Рустамов, 14 (0:1), Шароф Муҳиддинов, 22 (0:2)