Янги далиллар – президент Доналд Трампнинг мактабга берилган зарба учун Эрон масъул, деган даъвосига зид келади. Tomahawk қанотли ракетаси Исроил армиясида ҳам, Эронда ҳам мавжуд эмас. 28 феврал куни ҳужум бошлаганда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Эрон ҳудудига ўнлаб айнан шундай ракеталар учирганди.

8 март, якшанба куни Эроннинг Меҳр ахборот агентлиги эълон қилган видео – 175 киши, жумладан кўплаб болалар ҳалок бўлган Минобдаги мактабга АҚШ ракетаси урилганини кўрсатадиган далилларни янада кучайтирди.

New York Times томонидан текшириб, тасдиқланган видеода 28 февраль куни Миноб шаҳрида мактаб ёнидаги денгиз базасига Tomahawk қанотли ракетаси келиб урилгани тасвирланган. Можарода қатнашаётган кучлар орасида Tomahawk ракеталаридан фақат АҚШ ҳарбийлари фойдаланади.

Денгиз базасига устига тушаётган Tomahawk ракетаси / Фото: Bellingcat тадқиқот гуруҳи ва Mehr News

Times томонидан тўпланган далиллар мажмуаси: сунъий йўлдош тасвирлари, ижтимоий тармоқлардаги постлар ва бошқа тасдиқланган видеолар — «Шажарайи Тоййиба» бошланғич мактаби биноси денгиз базасига қилинган ҳужумлар билан бир вақтда амалга оширилган, аниқ йўналтирилган зарба натижасида жиддий зарар кўрганини кўрсатади. Ушбу база Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан бошқарилган.

Зарба акс этган видео дастлаб тадқиқот гуруҳи Bellingcat томонидан аниқланган, кейин эса NYT уни мустақил равишда тасдиқлаган. Нашр видеодаги объектларни Минобда зарбалардан бир неча кун ўтиб олинган янги сунъий йўлдош тасвирлари билан солиштирди.

Видео база қаршисидаги қурилиш майдонидан олинган. Унда майсазор бўйлаб ўтган чанг босган тупроқ йўли ва яқинда олинган сунъий йўлдош тасвирларида ҳам кўринадиган вайроналар уюмлари тасвирланган. Бу эса видеонинг ишончлилигини мустаҳкамлайди.