Исроил зарбаларидан кейин Байрут вайроналари орасида юрган эркак / Фото: Reuters

28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум бошлади. Шундан сўнг Эрон – АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Форс кўрфази давлатлари ва Исроилга қарши ҳужумга ўтди. Ҳизбуллоҳнинг Исроилга зарбалари ортидан Ливан ҳам тез орада можарога тортилди.

Reuters нашри урушнинг ўнинчи куни – 9 март ҳолатига Яқин Шарқ давлатлари хабар қилган қурбонлар сонини жамлади. Алоҳида таъкидлаш керакки, уруш ҳолатида ўлимлар сонини текшириш ёки мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.

Эрон ва Ливан

Урушдан энг кўп жабр кўрган Эронда камида 1 230 киши ҳалок бўлган. Жумладан урушнинг биринчи куни Миноб шаҳридаги бошланғич мактабга ракета зарбаси берилиши оқибатида 175 нафар ўқувчи қиз ва мактаб ходимлари ҳалок бўлганди. Умумий қурбонлар сонига Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбийлари кирадими-йўқми, аниқ эмас.

Фото: Reuters

Бундан ташқари, ўтган ҳафта АҚШ сувости кемаси Шри-Ланка қирғоқлари яқинида Теҳрон ҳарбий кемасини чўктириши оқибатида Эроннинг камида 104 аскари ҳалок бўлди. Бу қурбонлар Қизил Ярим Ой жамияти берган умумий ҳисобга киритилмаган.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Исроил зарбалари оқибатида камида 486 киши ҳалок бўлган. Буларнинг қанчаси тинч аҳоли ёки Ҳизбуллоҳ ҳарбийлари экани маълум эмас.

Исроил ва АҚШ

Исроил ҳарбийлари берган маълумотга кўра, Жанубий Ливанда икки нафар аскар ҳалок бўлган. Бу — ўтган ҳафта Ҳизбуллоҳ Эронни қўллаб-қувватлаб, Исроилга қайта ҳужум бошлаганидан кейин IDF орасидаги илк талафотдир. Шунингдек, 11 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Жумладан 1 март куни Қуддус яқинидаги Бейт-Шемеш шаҳрига Эрон ракетаси тушиши оқибатида тўққиз киши ўлган.