Ўтган ҳафта Ла-Гуардия аэропортида юз берган ҳалокатли тўқнашув Air Canada учун оғир даврни бошлаб берди. Душанба куни авиакомпания бош директори тез орада истеъфога чиқишини эълон қилди.

Майкл Руссо икки учувчи ҳалок бўлган ҳодиса ортидан кескин танқидларга учрагач, лавозимини тарк этди.

Бироқ норозиликнинг асосий сабаби тўқнашувнинг ўзи эмасди. Руссо ҳамдардлик билдиришда инглиз тилидан фойдалангани танқидларга сабаб бўлди.

Бош вазир Марк Карни видеомурожаатни «ҳамдардликнинг йўқлиги» деб баҳолади, француз тилида сўзлашувчи Квебек сиёсатчилари эса Руссони истеъфога чиқишга чақиришди.

Канадада инглиз тилидаги видео нима учун бундай катта баҳсларга сабаб бўлди?

Ҳамдардликдан можарогача

Фото: AFP

22 март куни кечқурун Монреалдан учган Air Canada самолёти Ню-Йоркда қўниш пайтида тез ёрдам машинаси билан тўқнашиб кетди. Оқибатда икки учувчи ҳалок бўлди, ўнлаб йўловчилар жароҳатланди.

Бу Air Canada учун сўнгги 40 йилдан ортиқ вақт ичидаги ўлим билан тугаган илк авиаҳалокат бўлди.

Эртаси куни авиакомпания ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Руссонинг тўрт дақиқалик видеомурожаатини эълон қилди. У видеомурожаатда буни «жуда оғир кун» деб атади ва ҳалок бўлганлар оилаларига ҳамдардлик билдирди. Мурожаат инглиз тилида бўлиб, иккала расмий тилда субтитрлар билан берилган эди.

Хабарларга кўра, шу заҳоти Канаданинг расмий тиллар масалалари бўйича вакилига ўнлаб шикоятлар келиб тушган. Шу куни туш пайтига келиб парламент қўмитаси бир овоздан Руссони «изоҳ бериш учун» чақиришга қарор қилди.

Квебек сиёсатчилари Руссони ҳалок бўлган учувчилардан бири — квебеклик Антуан Форест оиласига нисбатан «очиқдан-очиқ ҳурматсизлик»да айблади.

Бундан ташқари, провинция қонун чиқарувчилари бош директорни истеъфога чиқишга чақирувчи тавсиявий қарор қабул қилди.

Канадалик ёзувчи Жек Жедваб La Presse газетасида Руссонинг француз тилини билмаслиги Air Canada ходимларининг «икки тиллилик қадрият эмас, балки чеклов» деган хулосага келишлари ҳақида ёзди.