Ўзбекистон | 09:56 / 24.04.2026
1940
1 дақиқада ўқилади

Маданият марказлари ҳокимликлар тизимига ўтказилади

Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасини бошқариш тизимини такомиллаштириш доирасида маданият марказлари фаолиятини маҳаллий даражага яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Президент қарорига (ПҚ–150-сон, 2026 йил 21 апрель) кўра, Маданият вазирлиги тизимидаги маданият марказлари босқичма-босқич туман (шаҳар) ҳокимликлари тасарруфига ўтказилади.

Ҳужжатда белгиланишича, маданият марказлари фаолияти қайта ташкил этилиб, улар номоддий маданий меросни тарғиб қилиш, ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, шунингдек технология, муҳандислик, ҳунармандчилик каби янги йўналишларни қамраб олади.

Шу билан бирга, маданият марказлари фаолиятига хусусий инвестицияларни жалб этиш ва илғор бошқарув тажрибаларини жорий этиш мақсадида давлат-хусусий шериклик механизмлари қўлланилади. Самарасиз ишлаётган марказлар фаолияти эса мақбуллаштирилади.

Қарорга мувофиқ, маданият бўлимлари фаолияти самарадорлиги Маданият вазирлиги томонидан юритиладиган рейтинг асосида баҳоланади. Ушбу рейтинг 2027 йилдан бошлаб ҳар йили якуний натижаларга кўра шакллантирилиб, унда аҳолини маданий тадбирларга қамраб олиш ва миллий қадриятларни асраш кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилади.

Энг юқори натижаларга эришган маданият бўлимлари давлат бюджети ҳисобидан рағбатлантириб борилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш