“Левий” машиналар, “шапка” пуллари, қўлма-қўл тўловлар ва вайрон бўлган тақдир — қамоқдаги аёл автосалондаги ноқонуний схемалар қандай ишлашини гапириб берди.
Ўзбекистонда автомобилни тезроқ олиб бериш ваъдаси билан боғлиқ ноқонуний схемалар ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда. Навбатсиз машина чиқариш, “шапка” пуллари ва қўлма-қўл тўловлар ортида эса нафақат алданган мижозлар, балки ҳаёти издан чиққан одамлар ҳам бор.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ва Kun.uz тақдим этади. Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан 5 йил-у 1 ойга озодликдан маҳрум этилган Малика Акбарова қамоқдан туриб автосалонда қандай тизим ишлаганини гапириб берди.
Унинг айтишича, автосалонда “левий машина” деб аталган ноқонуний схема мавжуд бўлган. Мижозлар машинани тезроқ олиш учун расмий кассага эмас, ходимларга нақд пул берган. Кейин бу маблағлар раҳбарларга етказилган.
“Левий машина”лар бадали
“Мен ишлаган автосалонда танишларга олдиндан машинани чиқариб беришлар бўлган. Ҳар доим чиқиб турган машиналар бирдан чиқмай қолди. Улар билан мени раҳбарларимиз таништиришган, мана шу клиентлар олиб келадиган 50 фоиз тўловларни биз раҳбарларимизга нақд берамиз. “Левий машина” ҳисобланади булар, олдиндан чиқариладиган машиналар. Бошлиқларимиз уни олиб, пулини беришмади. Шунинг орқасидан 2024 йил июн ойидан менга тергов бошланди. 1 миллиард 775 миллион 617 минг 500 сўм қарздорликни менинг бўйнимга қўйиб беришди.
Мижозлар келиб машинани олдинроқ чиқаришни илтимос қиларди. Машиналар уч, олти, саккиз ойда чиқишини айтардим. Улар кейин тўлов қилгани келишарди. Фақат тўловни кассага эмас, бизга нақдига беришарди. Мен уни олиб, бошлиқларимнинг қўлига топширганман. Кейин уларга биз квитанция берганмиз. Ҳамма пуллар йиғилгандан кейин бошлиқлар ўртасида бўлинарди.
Бизга ҳам улуш беришарди, жуда кам олганмиз. Шапка пуллари автомобил русумига қараб бўларди. Cobalt, Lacettiʼлар 800-900 доллардан, Damasʼлар 500-600 доллардан ҳисобланган. Мендан бошқа менежерлар ҳам бизнинг автосалонда ҳаммаси шу “левий” ишлар билан шуғулланарди. Бухгалтеримиздан тортиб ҳамма шунақа ишлар билан шуғулланишган”.
Ҳаммаси яхши кетаётган бир пайтда жабрланувчиларнинг аризалари қизнинг ҳаётини остин-устун қилади. Чунки у мижозлардан пулларни қабул қилган ва бундан оз бўлса-да, улуш олган эди. Буни Малика умрининг энг гўзал йиллари билан тўлаяпти. Унинг айби учун яқинлари ҳам азоб чекаётгани қиз учун янада оғир.















