Жаҳон | 08:22
389
2 дақиқада ўқилади

Инфографика: Ер юзидаги асосий ёзув турлари

Замонавий дунёда ёзувнинг бир нечта асосий турлари кенг тарқалган. Янги инфографикада дунё бўйлаб ёзув тизимларининг тақсимоти кўрсатилган.

Алифбо дунё мамлакатларидаги энг кенг тарқалган ёзув шаклларидан бири ҳисобланади. Инфографика муаллифлари алифбо атамасини тор маънода — ундош ва унли товушларга асосланган ёзув сифатида қўллашни таклиф этмоқда. Бундай ёзув тизимида график белгилар — ҳарфлар алоҳида фонемаларни, яъни товушларни ифодалайди. Алифбода ҳам унли, ҳам ундош товушлардан фойдаланилади.

Бундай ундош-унли ёзувларга кирилл, лотин, арман ва юнон ёзувлари киради. Шунингдек, корейс ёзуви — хангиль ҳам алифбо турига мансуб.

Фақат ундош товушларга асосланган ёзувлар ҳам кенг маънодаги алифбо ҳисобланади. Бундай тизимлар абжад деб аталади. Уларда асосан ундош товушлар ифодаланади. Замонавий тиллар орасида араб ва иврит ёзувлари қисман ундош ёзувлар ҳисобланади. Масалан, ивритда унли товушлар махсус белгилар орқали кўрсатилади, аммо бу белгилар одатда матнларда қўлланмайди. Улар асосан луғатлар ва дарсликларда сақланиб қолади.

Харита: Дунё бўйлаб ёзув тизимлари / © геоглобал



Абугида — бўғинли ёзувнинг бир тури ҳисобланади. Бу тизимда ҳар бир белги муайян ундош ва унга бириккан стандарт унли товушни англатади. Қўшимча белги ёрдамида унли товуш ўзгартирилиши мумкин. Бундай ёзувларга ҳиндларнинг брахми ёзуви, эфиоп ёзуви ва канада бўғинли ёзуви киради.

Хитойда қўлланадиган иероглифлар эса логографик ёзув турига мансуб. Ҳар бир иероглиф нафақат талаффузга, балки мустақил маънога ҳам эга. Бу тизим Хитойдан ташқари Японияда ҳам қўлланади. Япон ёзув тизимларидан бири бўлган кандзи айнан логографик ёзув ҳисобланади.

Шу билан бирга, японлар хирагана ва катакана деб аталувчи бўғинли алифболардан ҳам фойдаланади. Соддалаштириб айтганда, кандзи асосий маъно блокларини ифодалаш учун, хирагана грамматика ва ёрдамчи сўзлар учун, катакана эса ўзлашма сўзлар учун ишлатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид