Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистонни ички талабнинг юқорилигича сақланиб қолаётгани, ижобий ишлаб чиқариш тафовути, шунингдек Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ эҳтимолий инфляцион босимни ҳисобга олган ҳолда, пул-кредит сиёсатининг етарлича қатъий йўналишини сақлаб қолишга чақирди. Бу ҳақда ХВЖ ва Ўзбекистон ўртасидаги 2026 йилги маслаҳатлашувлар якунлангани юзасидан ташкилот эълон қилган баёнотда келтириб ўтилган.

2025 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллиги иқтисодий фаолликнинг юқори бўлиши ҳамда олтин нархларининг қимматлиги ҳисобига 2,1 фоизгача қисқарди. Олтин нархларининг юқори бўлиши, пул ўтказмалари ўсишининг сақланиб қолиши ва олтинсиз экспортнинг ошиши жорий операциялар ҳисоби тақчиллигини ҳам ЯИМга нисбатан 3,9 фоизгача камайтиришга ёрдам берган. Шунингдек, халқаро захиралар ҳам етарли даражада сақланиб қоляпти. 

«Асосий иқтисодий прогноз ижобийлигича қолмоқда. Ҳозирча Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ иккиламчи таъсирлар чекланган даражада кузатилмоқда. ХВЖ прогнозига кўра, реал ЯИМ 2026 йилда тахминан 6,8 фоизга, 2027 йилда эса 6 фоизга ўсади. Бунга хусусий истеъмолнинг юқори даражада қолиши, инвестициялар ҳажмининг кўпайиши ва таркибий ислоҳотларнинг изчил давом этиши ёрдам беради. Прогнозларга кўра, олтин нархларининг юқори бўлиши ҳисобига 2026 йилда жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги ЯИМга нисбатан 3,2 фоизгача қисқаради. Халқаро захиралар ҳам қулай даражада сақланиб қолади ва 2026 йил охирига келиб 12 ойлик импорт ҳажмини қоплаш имконини беради. 

Прогнозлар бўйича ноаниқликлар ҳануз юқори даражада сақланиб қолмоқда. Асосий хатарлар глобал иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви билан боғлиқ бўлиб, геосиёсий кескинликнинг кучайиши ташқи талабнинг қисқаришига, экспорт нархларининг пасайишига ва халқаро молия бозорларидаги шароитларнинг қаттиқлашишига олиб келиши мумкин. Ички хатарлар қаторига бюджет харажатларининг иқтисодий циклга мос равишда ортиб кетиши, мақсадли ва имтиёзли кредитлаш амалиётининг давом этиши ҳамда таркибий муаммоларни бартараф этишдаги кечикишлар киради. Бундан ташқари, таркибий ислоҳотлар кутилганидан тезроқ амалга оширилса, иқтисодий ўсиш прогноз қилинган даражадан ҳам юқори бўлиши мумкин», дейилади ХВЖ ҳисоботида.

Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, мавжуд шароитларда эҳтиёткор иқтисодий сиёсат юритиш, шу билан бирга, барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш учун таклиф томонидаги ислоҳотларни давом эттириш муҳим.

Фискал сиёсат

Фискал сиёсатда асосий эътибор иқтисодиётнинг қизиб кетиши хавфини камайтириш ва молиявий захираларни тиклашга қаратилиши лозим. 2026 йилда, айниқса, бюджет даромадлари режалаштирилганидан юқори бўлиши эҳтимоли мавжуд эканини ҳисобга олиб, талаб босимини кучайтиришга йўл қўймаслик зарур. Йил давомида харажатларни оширишни чеклаш инфляцияни пасайтиришга ва иқтисодий сиёсатга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.